Наманган вилоятининг бой тарихий ва маънавий мероси Покистонда катта қизиқиш уйғотмоқда
Ноябрь 06, 2026. 10:00 • 3 дақ
• 104ИСЛОМОБОД, 6 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ҳудудлари, хусусан, Наманган вилояти туризм салоҳиятини кенг ёритмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жумладан, ушбу мамлакатнинг “Associated Press of Pakistan”, “Global News Pakistan” марказий ахборот агентликлари, “The Nation”, “World Tribune Pakistan”, “Pakistan Observer” газеталари, “Media Online Today”, “Newz Todays”, “The World News”, “Margalla Tribune”, “Pakistani News” ва “Daily The Patriot” электрон нашрларида “Наманган покистонлик сайёҳларни “Зиёрат мероси” туристик йўналишлари дастури орқали Ўзбекистонга чорлайди” сарлавҳали туркум мақолалар чоп этилди.
Нашрларда Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маънавий мероси, муқаддас қадамжолари ҳамда бетакрор маданияти хорижлик сайёҳларда катта қизиқиш уйғотаётгани ҳамда мусулмон мамлакатлардан бўлган зиёратчиларни янада кенг жалб этиш мақсадида Наманган вилоятида “Зиёрат мероси” номли туристик йўналишлари дастури ишлаб чиқилгани таъкидланган.
“Наманган вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан тайёрланган мазкур дастур вилоятнинг бой диний, тарихий ва маданий меросини хорижий сайёҳларга кенг танитишни назарда тутади. У орқали меҳмонлар нафақат муқаддас қадамжоларни зиёрат қилади, балки Фарғона водийсининг кўп асрлик тарихи, миллий урф-одатлари ва юксак маънавий қадриятлари билан ҳам яқиндан танишади”, — дейилган материалларда.
Хусусан, “Зиёрат мероси” туристик дастури вилоятнинг турли туман ва шаҳарларида жойлашган тарихий обидалар ҳамда зиёратгоҳларни қамраб олган. Тўрақўрғон туманидаги “Ахсикент” археология парки, Чуст туманидаги “Бибиона мозор” зиёратгоҳи, Чортоқ туманидаги “Султон Увайс Қараний” ва “Биби Наима она” зиёратгоҳлари йўналишнинг муҳим манзилларидан ҳисобланади. Шунингдек, Поп туманидаги “Оналар кўз ёши” мажмуаси, Давлатобод туманидаги “Ўн бир Аҳмад” зиёратгоҳи ҳамда Наманган шаҳридаги “Мулла Қирғиз Охунд” мажмуаси шулар жумласидандир.
“Эътиборли жиҳати, йўналишлар фақат ушбу манзиллар билан чекланмайди. Дастур вилоят бўйлаб жойлашган яна 20 дан ортиқ йирик зиёратгоҳ ва маданий мерос объектларини ҳам қамраб олади. Бу эса хорижий сайёҳларга Наманганнинг тарихий ва маънавий бойликларини кенгроқ кашф этиш имконини беради”, — дея эътироф этган Покистон ОАВ.
Шунингдек, мақолаларда аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил этадиган Покистон учун Наманганнинг зиёрат масканлари алоҳида қизиқиш уйғотиши урғуланган. Зеро, Ўзбекистон ва Покистонни умумий диний қадриятлар, бой тарихий мерос, буюк алломаларга бўлган эҳтиром ва асрлар давомида шаклланган маънавий анъаналар бирлаштириб туради.
“Шу нуқтаи назардан, Наманган вилояти бўйича “Зиёрат мероси” номли туристик йўналишлар дастури мамлакатларимиз ўртасидаги туризм ва маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун хизмат қилади”, — деб ёзган Покистон ОАВ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



