Logo

Атирау ва Уральскдан Тошкентга мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди

Март 31, 2026. 16:40 • 2 дақ

84
Атирау ва Уральскдан Тошкентга мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди

ОҚТОВ, 31 март. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 23 ва 30 март кунлари Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида “Uzbekistan Airways” миллий авиакомпанияси ҳамда “Centrum Air” авиакомпанияси томонидан Тошкент–Атирау ва Тошкент–Уральск йўналишлари бўйича дастлабки авиарейслар амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Янги йўналишларнинг очилиши Қозоғистоннинг маҳаллий туристик корхоналари ва кенг жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Таъкидланганидек, Тошкент шаҳрига тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши Ғарбий Қозоғистон ҳудудлари учун иқтисодий ва туристик йўналишда янги имкониятлар эшигини очади.

Мутахассисларнинг қайд этишича, Ғарбий Қозоғистон вилоятлари аҳолиси орасида Ўзбекистонга сайёҳ сифатида ташриф буюриш ва юртимиздаги замонавий санаторияларда соғломлаштириш муолажаларини олишга бўлган талаб жуда юқори. Янги авиақатновлар нафақат оммавий туризмни ривожлантиришга, балки “премиум”тоифасидаги сайёҳлар оқимини оширишга ҳам хизмат қилади.

Шунингдек ўқинг

Бундан ташқари, маҳаллий аҳоли ва ишбилармон доира вакиллари учун Тошкент халқаро аэропортининг минтақавий “хаб” сифатидаги имкониятлари юқори баҳоланди. Эндиликда Атирау ва Уральск шаҳарлари аҳолиси Тошкент орқали дунёнинг бошқа мамлакатларига транзит ва уланиш рейслари ёрдамида қулай шароитларда етиб олишлари мумкин.

Бу каби стратегик ҳамкорлик икки қардош давлат ўртасидаги транспорт-логистика алоқаларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, минтақалараро маданий-гуманитар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш