Logo

Латвияда илк бор “UzHack” халқаро хакатони ўтказилди

Март 31, 2026. 18:45 • 2 дақ

125
Латвияда илк бор “UzHack” халқаро хакатони ўтказилди

РИГА, 31 март. /“Дунё” АА/. 27–29 март кунлари Латвияда илк бор “UzHack” халқаро технологик хакатони бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу тадбир “Ватандошлар” жамоат фонди ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ҳамкорлигида, мамлакатимиз элчихонаси кўмагида ўтказилди.

Лойиҳанинг асосий мақсади Болтиқбўйи давлатларида таҳсил олаётган ва ишлаётган ўзбекистонлик ёшларни бирлаштириш, уларнинг инновацион ва технологик салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда халқаро АКТ ҳамжамияти билан алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Хакатон давомида иштирокчилар инновацион ғоялар ва технологик ечимлар ишлаб чиқди, стартап ташаббусларини илгари сурди. Шунингдек, турли мамлакатларда фаолият юритаётган ёш мутахассислар ўртасида касбий алоқаларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек ўқинг

Тадбирда 70 нафардан ортиқ иштирокчи 20 та жамоага бўлинган ҳолда қатнашди. Улар 48 соат давомида Ўзбекистон Марказий банки, Рақамли технологиялар вазирлиги, “UZINFOCOM” МЧЖ ҳамда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан тақдим этилган долзарб кейслар устида ишлади. Бу кейслар реал муаммолар асосида тайёрлангани сабабли иштирокчиларнинг амалий кўникмаларини оширишга хизмат қилди.

48 соатлик интенсив иш жараёни якунига кўра, ҳакамлар ҳайъати қарори билан 1-ўрин “Осмондаги болалар”, 2-ўрин “UzVision”, 3-ўрин “Onetour”, 4-ўрин “One Click” жамоасига насиб этди.

“UzHack” халқаро хакатони ёшларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш, уларни глобал инновацион муҳитга интеграция қилиш, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳиятини халқаро майдонда намоён этишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.

Мазкур лойиҳани келгусида анъанавий тарзда давом эттириш режалаштирилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш