Logo

Тошкент ва Ашхобод шаҳарлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар шериклик янги босқичга кўтарилади

Май 28, 2025. 11:09 • 2 дақ

96
Тошкент ва Ашхобод шаҳарлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар шериклик янги босқичга кўтарилади

АШХОБОД, 28 май. /"Дунё" АА/. Кеча Туркманистон пойтахтида "Оқ шаҳар Ашхобод" 24-халқаро универсал кўргазма ва конференцияси очилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирларда Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.

Туркманистон томони Ўзбекистон раҳбариятига Ашхобод шаҳри кунига бағишланган тадбирларда иштирок этгани учун миннатдорлик билдириб, бундай қадамнинг рамзий маъносини, айниқса, икки давлат ўртасидаги қардошлик ришталарининг ёрқин ифодаси сифатида алоҳида таъкидлади.

Кенг кўламли кўргазма ва халқаро конференцияда Туркманистон ҳукумати, ишбилармон доиралар, хорижий компаниялар, шунингдек, Ашхободда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар вакиллари иштирок этди.

Кўргазмада ушбу мамлакат ҳукуматининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор йўналишларини акс эттирувчи энг янги қурилиш ва рақамли технологияларни жорий этиш, идора ва турар-жой массивларини уйғун ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришни таъминлашга оид экспозициялар намойиш этилмоқда.

Кўргазманинг очилиш маросимида Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг форум иштирокчиларига табриги ўқиб эшиттирилди.

Расмий қисмдан сўнг Ўзбекистон делегацияси кўргазма экспозициялари билан танишди. Ашхобод ҳякими Раҳим Ғандимов меҳмонларни павильонлар билан таништирди ва тақдим этилган инновацион лойиҳалар ҳамда шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича илғор технологик ечимлар ҳақида сўзлаб берди.

Шу куни БМТ томонидан эълон қилинган "Халқаро тинчлик ва ишонч йили" доирасида "Оқ шаҳар – Ашхобод – келажак ва имкониятлар шаҳри" мавзусида конференция бўлиб ўтди. Ялпи мажлис ва панели мажлисларида Туркманистон ҳукумати аъзолари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари ҳамда хорижий ишбилармон доиралар Ашхободни ривожлантириш истиқболлари, инфратузилма ва экологик лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, самарали халқаро ҳамкорликнинг принципиал янги имкониятларини муҳокама қилдилар. 

Ташриф доирасида Тошкент ва Ашхобод шаҳарлари ҳокимлари ўртасида амалий музокаралар ўтказилди. Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Туркманистон пойтахтлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар шерикликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинди.

Шунингдек, Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклигининг ҳозирги мисли кўрилмаган юксак даражасига икки давлат раҳбарларининг очиқ ва ишончли мулоқоти ҳамда дўстона муносабатлари туфайли эришилгани алоҳида таъкидланди.

 Бундан ташқари, Тошкент ва Ашхобод ўртасида қардош шаҳарлар муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битимни амалга оширишга эътибор қаратилди.           

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш