Ўзбекистон ҳудудлари ва Туркманистоннинг Лебап вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик янада жадаллашади
Июнь 29, 2025. 11:41 • 2 дақ
• 123
ТУРКМАНОБОД, 30 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Равшанбек Алимов амалий сафар билан Туркманистоннинг Лебап вилоятига борди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Элчи Равшанбек Алимов ташриф давомида Лебап вилояти ҳокими Мақсат Аннанепесов билан учрашув ўтказди.
Унда Ўзбекистон ҳудудлари ва Лебап вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, ўтган йилнинг 20-21 ноябрь кунлари Туркманобод шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон – Туркманистон иккинчи ҳудудлараро форуми якунлари бўйича эришилган келишувлардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ҳудудларининг Лебап вилояти билан ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштириш истиқболларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, Бухоро ва Лебап вилоятлари ҳокимликлари ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини тизимли равишда ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Суҳбатдошлар мамлакатимизда Ўзбекистон – Туркманистон учинчи ҳудудлараро форуми ташкил этиш имкониятларини ҳам кўриб чиқдилар.
Бундан ташқари, мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Туркманистон чегараолди савдо зоналарининг барпо этилиши икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини оширишга, биродар қўшни давлатларнинг чегарадош вилоятларининг иқтисодиёти ва аҳолиси фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Ўзбекистон элчиси ташриф давомида Туркманистон Саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмасининг Лебап вилоят бошқармасида маҳаллий тадбиркорлар билан учрашув ўтказди. Унда икки давлат ишбилармонлар доиралари вакиллари иштирокида қўшма бизнес-форумлар ўтказиш, саноат ва агротехнология кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, савдо алоқаларини фаоллаштириш орқали ҳудудлараро ҳамкорлик самарадорлигини янада оширишнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинди.
Учрашув якунида икки давлат ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон элчихонаси билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўш шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ва унинг номи билан аталган шоҳкўча очилди
АДПИ педагоглари Қирғиз–ўзбек халқаро университети фаолияти билан танишди
Марказий Осиё давлатлари коррупцияга қарши курашда минтақавий ҳамкорликни кучайтирмоқда