Logo

"Остона–Туркистон–Самарқанд" йўналишида янги авиaқатновлар йўлга қўйилди

Май 02, 2025. 14:36 • 2 дақ

125
"Остона–Туркистон–Самарқанд" йўналишида янги авиaқатновлар йўлга қўйилди

ОСТОНА, 2 май. "Дунё" АА/. "Остона-Туркистон-Самарқанд" йўналишида янги мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Остона шаҳри халқаро аэропортида мазкур йўналишнинг очилишига бағишланган тантанали маросими бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат расмий ва бизнес вакиллари ва хорижий мутахассислар иштирок этди.

Янги рейс Туркистон шаҳри орқали амалга оширилади ва йўловчилар учун қулай транзит ҳамда зиёратчилар учун қўшимча имкониятлар яратади. Мазкур қатновнинг йўлга қўйилиши билан Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги авиақатновлар сони 44 тага етди.

Ҳаво қатновлари ҳафтасига икки марта – пайшанба ва якшанба кунлари "De Havilland Dash 8-Q400" самолётида амалга оширилади. Туркистон шаҳридаги транзит бекати тахминан 40 дақиқа давом этади, шундан сўнг йўловчилар айнан шу самолётда Самарқандга учиб кетадилар.

 "QAZAQ AIR" авиакомпанияси кенгаш раиси Эндрю Коэннинг таъкидлашича, ушбу янги йўналиш минтақавий туризм ва маданий алоқаларнинг ривожига сезиларли ҳисса қўшади. Мазкур парвозлар орқали Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг икки буюк маданий маркази ҳаво йўли билан боғланиб, қўшни мамлакатлар ўртасидаги сайёҳлик алмашинуви янада фаоллашади.

"Биз Самарқанд каби тарихий шаҳарга қатновни йўлга қўйганимиздан мамнунмиз. Ушбу рейс нафақат туризм салоҳиятини оширади, балки қардош халқларимизнинг ўзаро дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлайди," деди "QAZAQ AIR" бошқарувчи директори Адилбек Умаралиев.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Қозоғистондан Ўзбекистонга келган туристлар сони 2,8 миллион кишини ташкил этди. Жорий йилда ушбу кўрсаткич 3 миллион кишини ташкил қилиши кутилмоқда. Авиақатновлар, шунингдек, Қозоғистоннинг тарихий Туркистон ва Буюк ипак йўлининг гавҳари саналган Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларини боғлаш ҳисобига зиёрат туризм кўрсаткичларини кескин оширишга хизмат қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш