Қозоғистон Хитой билан йил охиригача QR-тўловлар тизимини ишга туширмоқчи

Сентябрь 17, 2026. 22:00 • 2 дақ

135
Қозоғистон Хитой билан йил охиригача QR-тўловлар тизимини ишга туширмоқчи

ОСТОНА, 17 сентябрь. /“Дунё” АА/. Қозоғистон 2026 йил охиригача Хитой билан трансчегаравий QR-тўловлар тизимини ишга туширишни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бу ҳақда Қозоғистон Миллий банки раиси ўринбосари Бинур Жаленов “Central Asia FinTech Summit” доирасида “Kazinform” халқаро ахборот агентлигига маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон ҳозирда 11 давлат билан трансчегаравий тўлов хизматларини йўлга қўйиш устида ишламоқда. Улар орасида Хитой, Ҳиндистон, БАА, Қирғизистон ва Ўзбекистон бор.

Хитой йўналишида тизим жорий йил охиригача амалда ишга туширилиши кутилмоқда, қолган мамлакатларда эса жорий этиш босқичма-босқич амалга оширилади ва тахминан 2027 йилнинг ўрталарига қадар якунланади.

“Бугунги кунда биз трансчегаравий тўловлар масаласини ишлаб чиқаётган 11 та давлат мавжуд. Булар Хитой, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Қирғизистон, Ўзбекистон ва бошқа давлатлардир. Умид қиламизки, йил охиригача Хитой йўналиши бўйича тизим амалда ишлай бошлайди”, – деди Бинур Жаленов.

Янги механизм Қозоғистон фуқароларига Хитойдаги харидлар учун QR-код ёрдамида одатий банк иловаси орқали тўлов қилиш имконини беради. Худди шундай имконият Хитой фуқароларига Қозоғистонга сафарлари чоғида ҳам тақдим этилади.

“Масалан, сиз Хитойда бўлсангиз, у ерда QR-код яратилади, сиз уни оддий банк иловангиз орқали ўқийсиз ва тўлов автоматик равишда амалга оширилади. Улар бизга келганида ҳам худди шундай”, – дея тушунтирди Миллий банк раҳбари ўринбосари.

“South China Morning Post” нашрининг таъкидлашича, ушбу ташаббус Хитой юанидан савдо ва инвестиция операцияларидан ташқарида – кундалик чакана тўловлар соҳасида фойдаланишни кенгайтириши мумкин. Лойиҳа “Alipay” ва “Kaspi.kz” тўлов платформаларининг мавжуд ҳамкорлигига таянади.

Нашр маълумотларига кўра, экспертлар QR-тўловларни ривожлантиришни истеъмолчилар ҳисоб-китоблари даражасида юандан халқаро миқёсда фойдаланишни кенгайтириш йўлидаги қадамлардан бири деб билишади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш