Тошкентда “Марказий Осиё – Буюк Британия” таҳлил марказлари форуми ўтказилди
Сентябрь 17, 2026. 20:30 • 2 дақ
• 68
ЛОНДОН, 17 сентябрь. /“Дунё” АА/. Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё – Буюк Британия” форматида таҳлил марказлари форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси маълумотига кўра, илк бор ўтказилган ушбу тадбир Халқаро Марказий Осиё институти ҳамда Британиянинг “Overseas Development Institute” (ODI Global) муассасаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Форумда “Chatham House”, Оксфорд, Кембриж, Ньюкасл ва Сассекс университетлари, Британиянинг критик минераллар соҳасидаги экспертлари, Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг етакчи таҳлил марказлари, дипломатик ва бизнес доиралари вакиллари иштирок этди.
Мулоқотлар доирасида транспорт-транзит боғлиқлигини ривожлантириш, критик минераллар, инвестициявий ишонч ва молиявий барқарорлик, таълим ва касбий кўникмалар, хавфсиз меҳнат миграцияси масалалари муҳокама қилинди.
Форумнинг муҳим жиҳати – экспертлик салоҳиятини амалий қарорлар билан боғлашга қаратилганидадир. Тадбир Марказий Осиё ва Буюк Британия таҳлил марказлари ўртасида мунтазам мулоқот, қўшма тадқиқотлар ва янги амалий ташаббуслар учун асос яратди.
Мазкур форумнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ва ташқи шериклар билан конструктив эксперт мулоқотини ривожлантириш борасидаги фаол ёндашувини ҳам намоён этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси