Тошкент–Атирау ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади
Январ 30, 2026. 12:42 • 55 сония
• 102
АТИРАУ, 30 январь. / “Дунё” АА/. Атирау шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси вакили ҳамда Атирау вилояти ҳокими ўринбосари Қайрат Нуртаев ўртасида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда вилоят йўловчи транспорти, туризм ҳамда инвестициялар бошқармалари вакиллари ҳам иштирок этиб, фуқаро авиацияси соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ҳудудлари ва Атирау вилояти ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновининг йўлга қўйилиши икки мамлакат ўртасидаги туристик, маданий ва ишбилармонлик алоқаларини сезиларли даражада фаоллаштиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Атирау вилояти ҳокимияти вакили янги авиарейсларни очиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этишда ва лойиҳани амалиётга татбиқ қилишда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Бу қадам минтақалараро логистика имкониятларини оширишда муҳим бўғин бўлиши қайд этилди.
Музокаралар якунида Тошкент–Атирау йўналиши бўйича янги мунтазам рейсни очиш ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида туристик ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Янги авиақатнов нафақат йўловчилар учун қўшимча қулайликлар яратади, балки икки қардош халқ ўртасидаги иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга имкон беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
