Ўзбекистон ва Туркманистон талабалари қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида тажриба алмашмоқдалар
Май 27, 2026. 14:55 • 2 дақ
• 146АШХОБОД, 27 май. /“Дунё” АА/. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университетининг 20 нафар талабаси С.А.Ниёзов номидаги Туркманистон қишлоқ хўжалиги университетида ўқув-амалий машғулотларини ўтамоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Икки ҳафтага мўлжалланган ушбу махсус дастур доирасида мамлакатимиз ёшлари туркманистонлик тажрибали профессор-ўқитувчилар ва етакчи мутахассислар томонидан қишлоқ ҳамда сув хўжалиги соҳасининг долзарб йўналишлари бўйича ташкил этилаётган ўқув-амалий машғулотларида фаол иштирок этмоқдалар.
Талабалар Туркманистон қишлоқ хўжалиги университетининг ўқув-тажриба хўжалиги, соҳавий замонавий техника марказлари, Туркманистон Фанлар академиясининг илмий-технологик парки ҳамда Марказий ботаника боғи каби стратегик объектлар фаолияти билан яқиндан танишмоқдалар.
Лойиҳанинг бориши ва аҳамияти ҳақида тўхталар экан, Туркманистон қишлоқ хўжалиги университети раҳбарияти икки халқнинг азалий қардошлик ва яхши қўшничилик ришталарини алоҳида эътироф этди. Университет мутасаддилари икки давлат раҳбарларига ёшлар ўртасида бундай кенг кўламли тажриба ва академик алмашинув имкониятини яратиб берганликлари учун чин дилдан миннатдорлик билдириб, ўзбекистонлик талабаларнинг интеллектуал салоҳияти ва билимга бўлган интилишини юқори баҳоладилар.
Икки томонлама дўстона ва шериклик алоқаларининг мантиқий давоми сифатида, жорий йилнинг июнь-июль ойларида Туркманистон қишлоқ хўжалиги университетининг 20 нафар талабаси ҳам худди шундай ўқув амалиётини ўташ учун Тошкентга — ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университетига ташриф буюриши режалаштирилган.
Шубҳасиз, бу каби проактив академик алмашинув дастурлари Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ёш олимлари ҳамда бўлажак мутахассислари ўртасида мустаҳкам касбий алоқаларни йўлга қўйиш билан бир қаторда, давлатларимиз ўртасидаги таълим, инновация ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги стратегик ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга улкан ҳисса қўшади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






