Logo

Витебскда Ўзбекистон ва Беларусь парламентлараро ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Сентябрь 02, 2025. 20:01 • 53 сония

210
Витебскда Ўзбекистон ва Беларусь парламентлараро ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

ТОШКЕНТ, 2 сентябрь. /"Дунё" АА/. Бугун расмий ташриф билан  Витебск шаҳрига борган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Беларусь Миллий мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталья Кочанова билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳада ва парламентлар ўртасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мулоқот ва олий даражадаги ташрифлар давлатлараро муносабатларни янги босқичга олиб чиқди.


Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми охирги йилларда 5 баробарга ошди. Саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.


Маданий-гуманитар соҳада "Шарқ тароналари", "Славянский базар" каби фестиваллар ўтказиш орқали ҳамкорлик кучайгани таъкидланди. Таълим йўналишида 45 та олий ўқув ташкилотлари ҳамкорлиги йўлга қўйилиб, икки мингдан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда.


Парламентлараро йўналишда ташрифлар, қўшма форумлар ва комиссия фаолияти изчил давом этмоқда. Жорий йилда "дўстлик гуруҳи" Ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссияга айлантирилгани муҳим қадам сифатида баҳоланди.


Учрашув якунида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга доир ҳужжатлар имзоланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш