Logo

Ўзбекистон ва Қозоғистон Сенатлари ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" имзоланди

Август 19, 2025. 11:22 • 2 дақ

275
Ўзбекистон ва Қозоғистон Сенатлари ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" имзоланди

ТОШКЕНТ, 19 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон парламенти делегациясининг Остона шаҳрига расмий ташрифи доирасида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ва Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга доир кенг кўламли масалалар, шунингдек, сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва минтақавий соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон–Қозоғистон муносабатлари ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилгани таъкидланди.

Парламентлараро муносабатлар ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама шаклда янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Марказий Осиё мамлакатларининг Иккинчи парламентлараро форуми якунлари ва Қозоғистон делегациясининг Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеясида иштироки юқори баҳоланди.

Навбатдаги мажлиси жорий йилнинг тўртинчи чорагида Ўзбекистонда ўтказиладиган икки мамлакат Сенатлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг самарали фаолияти қайд этилди.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳузуридаги Барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсад ва вазифалар амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ҳамда Қозоғистон Парламентининг шундай комиссияси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якуни бўйича парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш ва халқаро майдонда қўшма ташаббусларни илгари суришга қаратилган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Парламенти Сенати ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" имзоланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш