Жазирама ва қурғоқчилик Қозоғистонда буғдой ҳосилини 2025 йилги даражадан пасайтириши мумкин
Август 19, 2026. 11:31 • 3 дақ
• 144
ОСТОНА, 19 август. /“Дунё” АА/. Қозоғистонда ғалла ўрим-йиғим мавсуми бошланди ва бу галги жазирама, қурғоқчил ёз шароитида буғдой ҳосили 2025 йилдаги рекорд кўрсаткичдан паст бўлиши мумкин, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Казинформ” халқаро ахборот агентлигига таяниб.
Қайд этилишича, июнь ойида Қозоғистоннинг аксарият ҳудудларида ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 1–5 даражага ошган, жанубда эса +43°С га етган. Август ойида Ғарбий Қозоғистон, Ақтўбе, Атирау, Жетису, Жамбил, Туркистон ва Қизилўрда вилоятларининг айрим туманларида ёз фасли анча қурғоқчик келди. Барча ҳудудда ҳам вазият бир хил эмас, шимолий ҳудудларда ёмғир ёғиши кутилаётган бўлса, жануб ва ғарбда кучли жазирама сақланиб қолмоқда.
Ҳозирча Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги дон ва мойли экинларнинг 99 фоиздан ортиғининг ҳолатини яхши ёки қониқарли деб баҳоламоқда. Ғалланинг 15,3 фоизи ўриб олинган, ўртача ҳосилдорлик эса гектарига 15,8 центнерни ташкил этмоқда. Бироқ Павлодар вилоятида экинларнинг қарийб 10 фоизи аллақачон ёмон аҳволда. Мутахассислар Павлодар, Қарағанди ва Шарқий Қозоғистон вилоятларининг айрим туманларида жиддий йўқотишлар кузатилаётганини таъкидламоқда.
Агентлик мухбири суҳбатлашган экспертлардан бири 2025 йилдаги 20,3 миллион тонна ўрнига бу йил буғдой ҳосили тахминан 13 миллион тоннани ташкил этиши мумкин. Ғалла иттифоқи эса мамлакат ичидаги истеъмол, қайта ишлаш ва экспорт учун дон етарли бўлишини маълум қилган.
Қозоғистон ғалла ҳосили Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Миллий статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакат Қозоғистондан 4,1 миллион тонна буғдой импорт қилган. 2025 йил сентябридан 2026 йил июнигача Қозоғистондан етказиб берилган юмшоқ ва қаттиқ буғдой ҳажми 4,6 миллион тоннага етган. Бундан ташқари, Қозоғистон буғдой унининг асосий етказиб берувчисига айланди. 2025 йилда Ўзбекистон импорт қилган 422,6 минг тонна уннинг 399,8 минг тоннаси Қозоғистон ҳиссасига тўғри келди.
Бу каби боғлиқлик бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида ҳам кузатилмоқда. 2025 йилнинг январь–июль ойларида Ўзбекистон Қозоғистондан 42,3 минг тонна маккажўхори, йилнинг дастлабки саккиз ойида эса 163,3 минг тонна кунгабоқар ёғи импорт қилган.
Қозоғистонда август ойининг учинчи ўн кунлигида бошланадиган асосий йиғим-терим босқичидан йиллик ғалла ҳосилдорлиги аниқ бўлади. Ҳосилдорлик пасайган тақдирда ҳам, мутахассислар буғдой танқислигини кутмаяпти. Бироқ иссиқ ва қуруқ об-ҳаво дон сифатига салбий таъсир кўрсатиши ҳамда ички истеъмолчилар ва экспорт бозорлари, жумладан, Ўзбекистон учун таклиф ҳажмини ўзгартириши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси