Хорижда Ўзбекистон Давлат байроғи куни кенг нишонланди
Ноябрь 19, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 73ТОШКЕНТ, 19 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан дунёнинг қатор мамлакатларида маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Озарбайжон, Франция, Беларусь ва Нидерландияда ўтказилган тадбирларда миллий рамзларимиз тарғиб қилиниб, хорижий жамоатчиликка мамлакатимизнинг тарихи, маданияти ва қадриятлари ҳақида маълумот берилди.
Озарбайжон тиллар университетида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг муштарак тарихи, тили ва маданиятига тўхталиб ўтилди. Унда икки мамлакат ўртасидаги таълим, илм-фан ва маданий ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда олий таълим соҳасида эришилган натижалар, Бокуда “Study in Uzbekistan” кўргазмасининг ташкил этилиши ҳамда мамлакатимизда таҳсил олаётган озарбайжонлик талабалар сони ортиб бораётгани қайд этилди.
Париж шаҳрида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси дипломатлари ва фаол ўзбекистонлик талабалар иштирокида “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида акция ўтказилди.
Тадбирда шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари ўртасида Ўзбекистон Давлат байроғи, унинг ранглари ва рамзлари ҳақида сўровнома ташкил этилди. Тадбир давомида иштирокчиларнинг фикр ва жавоблари акс этган махсус видеоролик тайёрланди.
Минск шаҳрида Маданиятлараро ҳамкорлик альянси ҳамда Беларусь адабиёти тарихи давлат музейи ҳамкорлигида тантанали маданий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда дипломатик корпус вакиллари, маданият муассасалари ходимлари, талабалар ва ватандошлар иштирок этди.
Меҳмонларга ўзбек халқининг тарихи, адабиёти ва мусиқий мероси намойиш қилинди. Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ғазал ва рубоийлари турли тилларда ўқилиб, ўзбек миллий қўшиқ ва рақслари ижро этилди.
Нидерландиянинг Эйндховен шаҳрида ҳам Ўзбекистон Давлат байроғи кунига бағишланган маърифий тадбир ўтказилди. Унда ўзбекистонлик ватандошлар, маҳаллий аҳоли ва болалар иштирок этиб, байроғимизнинг тарихи, ранглари ва рамзий маъноси билан танишди. Айниқса, болалар ўртасида Ўзбекистон Давлат байроғини тасвирлаш бўйича ижодий танлов ташкил этилди.
Ғолибларга элчихона номидан фахрий ёрлиқлар топширилди.
Ушбу тадбирлар хорижда Ўзбекистоннинг миллий рамзлари, бой тарихи ва маданиятини кенг тарғиб этиш, ёш авлодда Ватанга муҳаббат ва миллий ғурур туйғуларини мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг халқаро алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




