Хитой оммавий ахборот воситалари ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги жасорати ҳақида ёзмоқда
Май 08, 2024. 07:34 • 2 дақ
• 613
ПЕКИН, 8 май. /"Дунё" АА/. Хитойнинг "Diplomat" журналида "Иккинчи жаҳон урушидаги ўзбек халқининг жасорати беқиёс" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбек халқининг жасорати, фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси беқиёс, – дея қайд этган мақола муаллифи Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурхонов. – Бугун Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳнамолигида Иккинчи жаҳон уруши йилларида юксак инсонпарварлик, мардлик ва матонат, меҳр-оқибат намунаси кўрсатган ўзбек халқининг муқаддас хотирасини асраб-авайлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда".
Таъкидланганидек, Ўзбекистондан урушга 1 миллион 951 мингга яқин киши сафарбар этилган. Бу ҳар учинчи ўзбекистонлик қўлига қурол олиб, фашизмга қарши курашганини англатади.
Материалда Иккинчи жаҳон уруши йилларида хотин-қизлар ҳам жанговар ҳаракатларда бевосита фаол иштирок этгани таъкидланади. Урушда Ўзбекистондан 4 минг 555 нафар хотин-қизлар қатнашди. Улар орасида алоқачилар, учувчилар, снайперлар, зенитчилар, тиббиёт ходимлари ва разведкачилар бор эди.
"Ўзбекистон жанг майдонларини катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак ва озиқ-овқат етказиб берувчи муҳим база марказларидан бирига айланди, – дейилади мақолада. – Бундан ташқари, йиғилган маблағ ҳисобидан Ўзбекистонда ўнлаб ҳарбий самолётлар, танклар, жанговар техникалар ишлаб чиқарилди. 1941-1945 йилларда мамлакат собиқ иттифоқ миқёсида улкан госпиталга айланди, бу ерда минглаб аскарлар даволаниб, хизматга қайтди".
Муаллиф таъкидлаганидек, Тошкентда "Ғалаба боғи" ташкил этилган бўлиб, ундан кўзланган мақсад ёшларни аждодлар хотирасини эъзозлаш, эл-юртни севиш, ўз Ватани заминининг ҳар бир қаричини қадрлашга, кўп асрлик миллий анъаналаримизни ҳурмат қилишга, меҳрибонлик ва олижаноблик руҳида тарбиялашдан иборат.
"Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир иштирокчисига ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг ҳар бири моддий, маънавий ва бошқа турдаги ёрдам билан таъминланади", – деб ёзган "Diplomat".
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
