Новосибирскда ўзбек тили байрамига бағишланган тадбир ўтказилди

Октябрь 28, 2026. 10:30 • 2 дақ

• 234
Новосибирскда ўзбек тили байрамига бағишланган тадбир ўтказилди

НОВОСИБИРСК, 28 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Новосибирск шаҳридаги Бош консуллиги томонидан Ўзбек тили байрамига бағишланган тантанали тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Россия Фанлар академияси Сибирь бўлими Давлат оммавий илмий-техник кутубхонаси ходимлари, журналистлар, ўзбек тили ва тарихини тадқиқ этувчилар, Новосибирскдаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ҳамюрт талабалар иштирок этди.

Тадбирда ўзбек тилининг бой тарихи, миллий ўзига хослиги, жаҳон адабиёти ва маданиятидаги ўрни ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консули Аслам Акбаров ўзбек тилининг асрлар давомида шаклланган бой меросини таъкидлаб, унинг ривожида буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоийнинг беқиёс ўрнини қайд этди.

Тарих фанлари доктори, “Сибирский архив” илмий-тадқиқот журнали бош муҳаррири Владислав Кокоулин Алишер Навоийнинг адабий мероси ва Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси ҳамда маданиятига қўшган ҳиссаси ҳақида фикр билдирди.

Тадбир доирасида меҳмонлар Бош консуллик биносида янгидан ташкил этилган ўзбек маданияти ва тарихи бурчаги билан ҳам танишдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш