Исломободдан табрик: Ўзбек тили тараққиёти миллий маданият равнақи билан чамбарчас боғлиқ

Октябрь 27, 2026. 10:00 • 2 дақ

• 174
Исломободдан табрик: Ўзбек тили тараққиёти миллий маданият равнақи билан чамбарчас боғлиқ

ИСЛОМОБОД, 27 октябрь. /“Дунё” АА/. Исломободдаги Замонавий тиллар миллий университети Ўзбек тили кафедраси ўқитувчиси, ватандошимиз Сания Исканова “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида халқимизни Ўзбек тили байрами билан табриклади:

– Тил – шунчаки мулоқот воситаси эмас. У миллатнинг тарихий хотираси, маънавий қудрати, миллий тафаккури ва ўзлигини англаш мезонидир. Шу маънода, ўзбек тилининг давлат тили мақомини олиши халқимизнинг миллий ўзлигини англаши, тарихий қадриятларини асраб-авайлаши ва миллий давлатчилик тамойилларини мустаҳкамлаши йўлидаги муҳим тарихий воқеа сифатида баҳоланиши лозим.

Бу мақом бизга нафақат фахр-ифтихор, балки улкан масъулият ҳам юклайди. Зеро, давлат тилининг нуфузи фақат қонунларда белгиланган мақоми билангина эмас, балки унинг таълим, илм-фан, давлат бошқаруви, дипломатия ва ахборот маконида кенг қўлланилиши билан ҳам белгиланади.

Ўзбекистондан олисда – Покистон заминида, Исломобод шаҳрида фаолият юритаётган Замонавий тиллар миллий университети Ўзбек тили кафедраси учун бу вазифанинг маънавий ва маданий аҳамияти беқиёс.

Бу ерда ўзбек тилини ўргатиш фақат сўзлар ва грамматик қоидаларни ўзлаштириш билан чекланмайди. Бу – Ўзбекистоннинг бой тарихи, буюк алломалари, адабиёти, маданияти ва замонавий тараққиётини дунёга танитиш, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга маънавий ҳисса қўшиш демакдир.

Мен ўзбек тили ўқитувчиси ва ватандош сифатида она тилига садоқатни миллий ўзликка садоқат, уни ривожлантиришни эса келажак авлодлар олдидаги масъулият деб биламан. Қаерда яшамайлик, қайси мамлакатда меҳнат қилмайлик, она тилимизга бўлган ҳурмат қалбимизда ҳамиша яшаши керак, деб ҳисоблайман.

Зеро, ўзбек тилининг равнақи миллий маданият равнақи билан, маданиятимизнинг юксалиши эса халқимизнинг маънавий қудрати ва халқаро нуфузи билан чамбарчас боғлиқ.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш