Ўш шаҳрида Ўзбек тили байрамига бағишланган байрам тадбири ўтказилди
Октябрь 27, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 166ЎШ, 27 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз Бош консулхонаси Ўш давлат университети (ЎшДУ) ҳузуридаги Ўзбек тили ва маданияти маркази билан ҳамкорликда Ўзбек тили байрамига бағишланган тадбир ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда олий ўқув юрти раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, миллий марказлар вакиллари, ватандошлар ҳамда Ўзбекистон олий таълим муассасалари, хусусан, Андижон давлат университети ва Қўқон университети вакиллари иштирок этди.
Тадбирда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадам бўлгани, бугунги кунда ушбу тилда сўзлашувчиларнинг жаҳондаги сони 50 миллиондан ошгани таъкидланди.
Шундан сўнг ўзбек ва қирғиз тиллари ҳамда адабиёти, она тили ва инсон психологияси йўналишларида маърузалар тингланиб, илмий-амалий семинарлар ўтказилди. Шунингдек, халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик кўргазмаси ташкил этилди. Бобир номидаги Ўш давлат ўзбек академик мусиқали драма театри санъаткорлари ҳамда ЎшДУ талабалари томонидан тайёрланган адабий-мусиқий концерт дастури намойиш этилди. Тадбирга тайёргарлик кўришда фаол иштирок этган ўқитувчи ва талабаларга фахрий ёрлиқ ҳамда ташаккурномалар топширилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





