Нью-Йоркда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Ўзбек тили кунига бағишланган халқаро фестиваль ўтказилди
Октябрь 16, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 167НЬЮ-ЙОРК, 16 октябрь. /“Дунё” АА/. АҚШда мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Ўзбек тили куни муносабати билан халқаро маданий фестиваль бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тадбир мамлакатимизнинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ҳамда ватандошимиз Мукаррам Игамбердиева раҳбарлик қилаётган Турон-Америка мероси ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Фестивалда ўзбек, қозоқ, тожик, туркман ва озарбайжон жамоалари вакиллари, жамоатчилик вакиллари, тадбиркорлар, маданият намояндалари ва ёшлар қатнашди. Унда ўзбек тилининг миллий ўзликни англаш ва маданий меросни асраб-авайлашдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони асосида саҳна кўриниши намойиш қилинди. Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган халқаро кўргазма ташкил этилди. Унда америкалик болаларнинг Ўзбекистон тарихи, маданияти ва анъаналарига бағишланган 35 та расми тақдим этилди.
Фестиваль доирасида миллий қўшиқ ва рақслар, спорт мусобақалари ҳамда миллий либослар намойиши ўтказилди. Меҳмонлар мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари, меъморий ёдгорликлари ва сайёҳлик салоҳияти билан ҳам таништирилди.
Тадбир давомида АҚШда яшаётган ватандошларимиз, тадбиркорлар ва жамоат бирлашмалари вакиллари билан учрашувлар ҳам ташкил этилди. Уларда меҳнат фаолияти, ижтимоий мослашув ва ватандошларни ўзаро қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Фестиваль ўзбек тили ва миллий маданий меросни тарғиб этиш, миллатлараро мулоқотни ривожлантириш ҳамда халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



