Қозоғистонда хорижликларнинг мамлакатга кириши учун электрон рухсатнома жорий этилмоқда
Октябрь 16, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 84
ОСТОНА, 16 октябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 24 октябридан бошлаб Қозоғистонда визасиз режим амал қиладиган бир қатор давлатлар фуқароларининг мамлакатга кириши учун электрон рухсатномани расмийлаштириш талаби жорий этилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Kazinform”га таяниб.
Ҳукумат қарорига кўра, рухсатнома хорижий фуқаролар учун мўлжалланган рақамли платформа орқали бепул расмийлаштирилади. Ариза режалаштирилган кириш санасидан камида 72 соат олдин топширилиши керак. Ҳужжатнинг амал қилиш муддати 180 календарь кунни ташкил этади.
Тизим босқичма-босқич жорий этилади. 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб у Оқтов халқаро аэропорти ва тўртта автомобиль ўтказиш пунктида (Павлодар вилоятидаги “Урлютобе”, Жамбил вилоятидаги “Аухатти”, Туркистон вилоятидаги “Атамекен” ва Жетисув вилоятидаги “Нурли Жол”), 2027 йил 1 январдан Остона ва Олмаота аэропортларида, 1 мартдан эса давлат чегараси орқали қолган барча ўтказиш пунктларида қўлланила бошлайди.
2027 йил 1 июлгача чет элликларга электрон рухсатнома йўқлиги сабабли мамлакатга кириш рад этилмайди.
Шу билан бирга, визасиз бўлиш муддатлари ўзгаришсиз қолади. Масалан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония ва Жанубий Корея фуқаролари бир сафар давомида мамлакатда 30 кунгача, бироқ 180 кунлик давр мобайнида кўпи билан 90 кун бўлиши мумкин.
Хусусан, 16 ёшга тўлмаган болалар, 65 ва ундан катта ёшдаги шахслар, амалдаги Қозоғистон визалари ва яшаш гувоҳномалари эгалари, дипломатлар, расмий делегациялар аъзолари, бошқа қатор тоифадаги чет элликлар рухсатнома олишдан озод этилади.
Бундан ташқари, Қозоғистонда шахсий идентификация рақамини расмийлаштиришда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатда бўлиши қонунийлигини текшириш таклиф этилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси