Жанубий Кореяда Ўзбекистон Давлат байроғининг 35 йиллиги муносабати билан ватандошлар ўртасида мини-футбол ва армрестлинг турнири ўтказилди
Ноябрь 24, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 227СЕУЛ, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореяда “Бир Ватан, бир халқ, бир байроқ!” шиори остида мамлакатда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар ўртасида мини-футбол ва армрестлинг бўйича спорт мусобақаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган ушбу беллашувлар Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллигига бағишланди. Турнир Кореядаги ўзбекистонликлар ассоциацияси, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Кореядаги ваколатхонаси ҳамда Чунчон ўзбеклар жамияти билан ҳамкорликда ўтказилди.
Мусобақада Жанубий Кореянинг турли шаҳарларида таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган 200 нафарга яқин ёш ватандошимиздан иборат 12 та жамоа ғолиблик учун кураш олиб борди. Ғолиб ва совриндорларга ҳамкор ташкилотлар томонидан эсдалик совғалари, кубок ва дипломлар топширилди.
Тадбирда элчихона вакиллари иштирокчиларни Давлат байроғининг 35 йиллиги билан самимий табрикладилар. Байроғимиз халқимизнинг асрий орзу-интилишлари, аждодлар хотираси ва миллий ғурурини ўзида мужассам этиши, шунингдек, мамлакатимиз мустақиллиги ва халқимиз бирлиги рамзи экани алоҳида таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


