Logo

Венгрияда "Ўзбек тили дўстлари клуби" ташкил этилади

Октябрь 22, 2024. 18:21 • 3 дақ

1097
Венгрияда "Ўзбек тили дўстлари клуби" ташкил этилади

БУДАПЕШТ, 22 октябрь. /"Дунё" АА/. Кеча Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонасида 21 октябрь – "Ўзбек тили байрами куни"  муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу тадбир ўзбек тилини ва маданиятини хорижда оммалаштириш, шунингдек, илмий ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ташкил этилди. Унда  Венгрия илмий ва академик доиралари вакиллари, профессорлар, талабалар ҳамда фаол ватандошлар иштирок этди.


Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов ўзининг табрик нутқида ўзбек тилининг  мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги аҳамиятини таъкидлади. Дипломат ўзбек тили нафақат мулоқот воситаси, балки ўзбек халқининг маданий мероси ва тарихий анъаналарини сақлашда муҳим роль ўйнашини айтиб ўтди. Шунингдек, у, ўзбек тилини ўрганишнинг ёш авлод учун қанчалик муҳимлигини таъкидлаб,  она тилимиз ёрдамида ўзбек маданиятини янада чуқурроқ англаш имкониятлари мавжудлигини қайд этди.


Иштирокчилар ўзбек тилининг халқаро майдонда қандай ривожланаётганини, унинг ўзига хос хусусиятларини ва таълим соҳасидаги ўрни ҳақида фикр алмашдилар. Венгрия илмий доиралари вакиллари, ўзбек тилини ўрганаётган талабалар учун мавжуд имкониятлар ва ресурслар ҳақида сўзлаб бердилар. Улар, ўзбек тилини ўрганиш жараёнининг қанчалик қизиқарли ва самарали бўлиши мумкинлигини намойиш этдилар.


Тадбирда ўзбек тилини ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида  элчихона ҳузурида "Ўзбек тили дўстлари клуби"ни ташкил этишга келишилди. Ушбу клуб ўзбек тилини ўрганишга қизиққан барча учун платформа бўлиб хизмат қилади. Клуб доирасида турли тадбирлар, дарслар ва маданий алмашувлар ўтказилиши режалаштирилган.


Бенедек Пери, Лоранд Этвош номидаги Будапешт университетининг Шарқшунослик институти директори, Туркшунослик бўлими мудири, ректорнинг туркшунослик ва Марказий Осиё бўйича комиссари:

Фурсатдан фойдаланиб, бутун ўзбек халқини ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан чин қалбимдан табриклайман. Алишер Навоий асосларини яратган бу ажойиб тилингизни асраб-авайлаш ва қадрлаш учун саъй-ҳаракатларингизни ҳеч қачон аямасликни сўрардим. Мени ўзбек тили ва адабиётининг бу ажойиб олами билан таништирган аждодим Армин Вамбери ва аввал яшаб-ижод этган барча интеллектуал мулк соҳибларидан жуда миннатдорман.


Ўзбек тилига меҳрим болалигидан отамдан ўтган. Чунки ота-боболаримиз Хунлар (Венгрияликлар қадимий аждодлари) – туркийларга бориб тақалади. Ҳозирги кунда "Бобурнома" асарини венгр тилига таржима қилиш устида ишлаяпман. Ўзбекистонлик таржимон ва навоийшунос олимлар билан биргаликда Алишер Навоий ғазалларини ҳам  венгр тилига таржима қилиш истагим бор.


Ондрож Цейтнер, Лоранд Этвош номидаги Будапешт университети ўқитувчиси, профессор:

– "Ўзбек тили байрами куни"  билан халқингизни табриклайман. Ўзбек тили — бу бой ва қизиқарли маданиятнинг калитидир. Биз Венгриядаги ўзбек тилини ўрганаётган талабалар учун кўпроқ ресурслар ва имкониятлар яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Ўзбекистон ҳукумати томонидан Венгрияда дарс бериш учун ўзбек тили мутахассислари юборилса, бу йўлдаги улкан қадам бўлар эди.


Тадбир, ўзбек тилининг Венгриядаги тарихи, аҳамияти ва маданияти ҳақида кўплаб янги ғоялар ва лойиҳалар учун асос бўлди. Иштирокчилар келгусида ҳамкорликда янги тадбирлар ва дастурларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.


Венгриялик эксперт Б.Пери унинг энг катта орзуси венгрия олий ўқув юртларида ўзбек тили курсларини ташкил этиш эканлигини  маълум қилди. "2025 йил сентябрь ойидан бошлаб Лоранд Этвош университетида ўзбек тили курслари мунтазам ташкил этилади", - деди у. 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш