Logo

Лондонда Ўзбекистон-Британия юридик ассоциациясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Октябрь 26, 2025. 12:56 • 2 дақ

28
Лондонда Ўзбекистон-Британия юридик ассоциациясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

ЛОНДОН, 26 октябрь. /"Дунё" АА/. Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида Ўзбекистон-Британия юридик ассоциацияси (British–Uzbek Law Association – BRULA)нинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон-Британия юридик ассоциацияси жорий йил 26 июнь куни Лондонда илк бор ўтказилган "Ўзбекистон Ҳуқуқ куни" форуми доирасида ташкил этилган эди. Ассоциациянинг асосий мақсади –  Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳуқуқшунослари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда ҳуқуқ соҳасида илмий, таълимий ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Ташкилот юриспруденция йўналишида қўшма илмий ва таълим дастурларини ишлаб чиқиш, ҳуқуқий амалиётда тажриба алмашиш, икки мамлакатнинг ҳуқуқ тизимларини чуқур ўрганиш, қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётнинг ҳолати ҳамда мавжуд муаммоларни таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратади.

Тадбирда Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг етакчи юридик ҳамда инвестиция компаниялари, халқаро молиявий институтлари ва давлат идораларидан вакиллар иштирок этди.

Унда нуфузли юридик компаниялар – "Littleton Chambers", "Barnes Law Associates", "PraeLegal Uzbekistan", "Squire Patton Boggs", "Norton Rose Fulbright" ва  Тошкент халқаро арбитраж маркази  раҳбарлари ва ҳуқуқшунослари маъруза қилдилар.

"PraeLegal Uzbekistan" компаниясининг асосчиси ва минтақавий ҳамкори Шерзод Абдулқосимов иштирокчиларни Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун тақдим этилаётган ҳуқуқий кафолатлар, суд мустақиллиги ва адолатли бизнес муҳитини таъминлаш борасидаги ишлар билан таништирди.

Йиғилиш давомида "Энергетика, инфратузилма ва Ўзбекистонда низоларни ҳал этиш тизими" мавзусида панель муҳокамаси бўлиб ўтди.

Муҳокамаларда экспертлар Ўзбекистондаги энергетика ва инфратузилма соҳаларидаги ривожланиш тенденциялари хусусида фикр алмашдилар.

Спикерлар, шунингдек, икки мамлакат юристлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш халқаро мулоқот, тажриба алмашинуви ва қўшма ташаббусларни ривожлантиришда муҳимлигини қайд этдилар.

Иштирокчилар мазкур учрашувни Буюк Британия ва Ўзбекистон ҳуқуқий ҳамжамиятлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам сифатида эътироф этдилар.


Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш