Logo

Красноярск вилоятининг Ўзбекистонга ташрифи амалга оширилди

Ноябрь 23, 2025. 10:52 • 2 дақ

44
Красноярск вилоятининг Ўзбекистонга ташрифи амалга оширилди

ТОШКEНТ, 22 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси томонидан Красноярск вилоятининг Ўзбекистонга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Делегация таркибига вазирлик ва идора раҳбарлари, вилоят ҳокимлиги ва маъмурияти аъзолари ҳамда ишбилармон доираларнинг етакчи вакиллари кирди.

Ўзбекистон Красноярск вилоятининг асосий ташқи иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб, 2024 йил якунларига кўра, икки томонлама товар айланмаси 120 миллион АҚШ долларидан ошган.

Меҳмонларнинг Тошкент ва Сурхондарё вилоятларига ташрифи давомида Красноярск ўлкасининг савдо-иқтисодий, инвестицион ва туризм салоҳияти намойиш қилинди. Красноярск вилоятининг саноат ва савдо вазири Максим Ермаков Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва инвестицион алоқаларни ривожлантириш истагини билдирди.

Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консули Аслам Акбаров Красноярск бозорида ўзбек маҳсулотларини кўпайтириш, тўқимачилик саноати учун асбоб-ускуналар ва материаллар етказиб беришни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Красноярск ишбилармон доиралари вакиллари қишлоқ хўжалиги, кимё ва ёғочни қайта ишлаш саноати, транспорт, логистика, таълим ва туризм каби соҳаларидаги лойиҳаларни тақдим этди. Б2Б форматдаги учрашувлар давомида томонлар иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш, тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш ва кимё саноати соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш каби лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.

Фарғона ва Сурхондарё вилоятларидан мева-сабзавот маҳсулотларини Сибир ва Узоқ Шарққа экспорт қилишни кўпайтириш мақсадида Красноярск вилоятида улгуржи тақсимот марказини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Россия вакиллари икки томонлама ҳамкорлик бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва 2026 йил баҳорида Ўзбексистон вилоятларидан Красноярск ўлкасига бизнес-миссиясини ташкил этишни қўллаб-қувватлади.

Аммиак ва азот ўғитларини етказиб бериш, Фарғона–Красноярск–Фарғона йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновни очиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва ёғочни қайта ишлаш саноати соҳаларида икки давлат компаниялари ва ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик меморандумларини имзолаш бўйича келишувларга эришилди.

Россия делегациясининг ташрифи давомида Ўзбекистон Туризм қўмитаси билан учрашувлар бўлиб ўтди ҳамда унда Красноярскда «Роад Шоw» ташкил этиш ва туроператорлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Делегация Сурхондарё вилоятида ҳам бўлиб, «Айритом» эркин иқтисодий зонаси, «Термез Cарго Cэнтре» логистика маркази, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ҳамда вилоятдаги йирик корхоналар фаолияти билан танишди.

Ташриф давомида Красноярск вилояти маҳсулотлари учун «Айритом» эркин иқтисодий зонасида кўргазма павильонини очиш ва кейинчалик уларни Афғонистонга етказиб беришни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди. Делегация «Термез Cарго Cэнтре» логистика марказида божхона расмийлаштируви, сақлаш ва юкларни қайта ишлаш, транзит интермодал ташиш хизматлари бўйича хизматлар мажмуасини ўрганиб чиқди.

Томонлар биргаликда ишлаб чиқариш ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, бизнес доиралари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ҳамда маданий ва туризм ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш