Logo

Японияда юртимиз тарихи, маданияти ва иқтисодиётига бағишланган семинар ўтказилди

Ноябрь 25, 2025. 08:10 • 2 дақ

115
Японияда юртимиз тарихи, маданияти ва иқтисодиётига бағишланган семинар ўтказилди

ТОКИО, 25 ноябрь. /"Дунё" АА/. Японияда Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ҳамда "Янги Ўзбекистон" ва "Учинчи Ренессанс" пойдеворини барпо қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган семинар ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Токиодаги Элчихонаси томонидан ташкил этилган тадбирда Япония парламенти ва ҳукуматининг бир қатор вакиллари, илмий доиралар, жамоат ташкилотлари ҳамда экспертлар иштирок этди.

Учрашувда иштирокчилар мамлакатимиз тарихи, маданияти, иқтисодиёти, "Янги Ўзбекистон" ва "Учинчи Ренессанс" пойдеворини барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ўзаро фикр-мулоҳаза алмашди.

Жумладан, Япония Парламенти депутати, Атроф-муҳит вазири ўринбосари Цужи Киёто сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда минтақадаги муҳим драйвер давлатга айлангани, Давлат раҳбарининг самарали ислоҳотлари натижасида мамлакатда ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар доимий ўсиб бораётганини таъкидлади. У Ўзбекистонни Япония учун минтақадаги энг муҳим ва яқин дўстона давлатлар сифатида эътироф этиб, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг изчил мустаҳкамланаётганини мамнуният билан қайд этди.

Шунингдек, Япония Парламенти депутати, Ер, инфратузилмалар, транспорт ва туризм вазири ўринбосари Хажиме Сасаки 2016 йилда илк бор Ўзбекистонга ташриф буюрганини эслаб, ушбу сафари унда юртимиз ҳақида илиқ таассуротлар қолдирганини билдирди. У бугунги кунда Япония Парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси аъзоси сифатида икки мамлакат муносабатлари ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётганини таъкидлади ҳамда келгусида ҳам бу йўналишда барча имкониятларини ишга солишга тайёр эканини билдирди.

Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчилари Фумиҳико Като ва Хатори Такаши ҳам юртимиздаги меҳнат фаолияти ҳақида гапириб, Ўзбекистоннинг географик жойлашувига қарамай тинч, хавфсиз ва осойишта мамлакат экани, бу ердаги оқилона ва прагматик ташқи сиёсат натижасида япон сайёҳлари ва инвесторлари оқими йилдан-йилга ортиб бораётганини аниқ мисоллар билан тушунтирди.

Элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов сўзга чиққанларга самимий фикрлари учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида жойлашгани, бой тарихий ва маданий меросга эга мамлакат экани, азалдан Ипак йўли орқали турли цивилизацияларни боғлаб келганини таъкидлади. Шу боис, юртимизнинг тарихий мероси ва маданий бойлиги бугунги кунда ҳам мамлакат туризм жозибадорлиги ва халқаро имижининг муҳим қисми эканини қайд этди.

Тадбирда икки давлат жамоатчилиги ўртасидаги дўстлик, маданий алоқаларни кенгайтириш ва "халқлар дипломатияси"ни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мулоқотлар очиқ ва самарали руҳда ўтиб, келгусида ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш