Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида Сербия билан ҳамкорликни йўлга қўяди
Июль 12, 2025. 11:36 • 1 дақ
• 191
БЕЛГРАД, 12 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси (қароргоҳи Будапешт шаҳрида жойлашган) Ойбек Шахавдинов Сербия Қишлоқ, ўрмон ва сув хўжалиги вазирлигининг халқаро ҳамкорлик ва халқаро ташаббуслар бўйича давлат котиби Стана Божович билан музокара ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқотда қишлоқ, ўрмон ва сув хўжалиги соҳасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, уруғчилик, фитосанитария, ветеринария, ирригация ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳаларида шерикликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Сербия томони Ўзбекистоннинг тегишли вазирликлари билан ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдор эканини билдирди ва қўшма ташаббусларни бошлаш учун зарур ҳуқуқий ва ташкилий механизмларни ишлаб чиқишга тайёрлигини тасдиқлади.
Музокаралар якунида икки томонлама шерикликни ривожлантириш бўйича амалий қадамларни белгилаш мақсадида икки давлатнинг тегишли идоралари ўртасида мулоқотни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси