2016 йилдан буён 91 мингдан ортиқ киши Ўзбекистон фуқаролигини олди
Ноябрь 17, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 18ТОШКЕНТ, 17 ноябрь. /“Дунё” АА/. Кеча Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари учун фуқаросизликни қисқартириш ва унга барҳам бериш масалалари бўйича тренинг тренинг бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари миллий маркази томонидан БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси билан ҳамкорликда Ички ишлар вазирлиги ходимлари учун ташкил этилди.
Тренингнинг мақсади иштирокчиларга фуқаросизликни олдини олиш ва уларнинг сонини қисқартириш бўйича халқаро стандартлар, жумладан, Фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини қисқартириш тўғрисидаги 1961 йилги Конвенцияда мустаҳкамланган ҳуқуқий кафолатлар ҳақида чуқур билим бериш, шунингдек, ИИВ ходимларининг фуқаролиги бўлмаган шахсларни аниқлаш, ҳужжатлаштириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги амалий салоҳиятини янада мустаҳкамлашдан иборатдир.
Тадбирни очиб берар экан, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори, академик Акмал Саидов “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мустаҳкамланган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани, 2020 йилда “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши бу борада ҳал қилувчи қадам бўлганини алоҳида таъкидлади.
ИҲММ раҳбарининг сўзларига кўра, 1992–2016 йилларда 482 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлса, 2016 йилдан буён 91 мингдан ортиқ кишига бу мақом берилди. Акмал Саидов бу натижалар, энг аввало, ички ишлар органлари ходимларининг жойлардаги машаққатли ва масъулиятли меҳнати туфайли қўлга киритилганини ҳамда Ички ишлар вазирлиги фуқаролик масалаларини ҳал этиш бўйича давлат сиёсатини амалга оширувчи асосий ижрочи орган эканини қайд этди.
Тренинг давомида Марказий Осиёда фуқаросизликка барҳам бериш ва унинг олдини олиш: ютуқлар, сақланиб қолаётган муаммолар ва имкониятлар, илғор минтақавий тажриба, Фуқаросизликка барҳам бериш бўйича Глобал альянс ва Ашхобод декларацияси масалалари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

