“Daily News Hungary”: Ўзбекистон ва Ўмон ҳамкорлиги маҳаллий маҳсулотларнинг Кўрфаз ва Шарқий Африка бозорларига чиқишини кенгайтирмоқда

Ноябрь 17, 2026. 13:00 • 3 дақ

• 63
“Daily News Hungary”: Ўзбекистон ва Ўмон ҳамкорлиги маҳаллий маҳсулотларнинг Кўрфаз ва Шарқий Африка бозорларига чиқишини кенгайтирмоқда

БУДАПЕШТ, 17 ноябрь. /“Дунё” АА/. Венгриянинг “Daily News Hungary” онлайн-нашрида “Ўзбекистон ва Ўмон: капитал, ишлаб чиқариш ва янги бозорларга йўллар” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон учун Ўмон билан ҳамкорлик икки муҳим узоқ муддатли вазифани – миллий иқтисодиётга капитал жалб қилиш ҳамда ўзбек маҳсулотларининг Кўрфаз ва Шарқий Африка бозорларига чиқишини кенгайтиришни кўзда тутади.

Таъкидланишича, икки мамлакатнинг инвестиция механизми анча олдин яратилган. Ўзбекистон-Ўмон инвестиция компаниясини таъсис этиш тўғрисидаги қарор 2009 йилда қабул қилинган бўлиб, унинг устав капитали 266 миллион долларни ташкил этади. Ҳамкорлик доирасида умумий қиймати 510,8 миллион долларлик 12 та лойиҳа якунланган, яна 936,3 миллион долларлик 16 та лойиҳа эса амалга ошириш босқичида турибди.

Муаллиф эътибор қаратганидек, 2026 йил февраль ойида мазкур компания ва Туркиянинг “Hektaş” корхонаси Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалиги кимёси маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича корхона ташкил этиш тўғрисидаги келишувни имзоладилар. Лойиҳанинг режалаштирилган инвестиция ҳажми қарийб 75 миллион долларни ташкил этади. Бундан ташқари, “Suhail Bahwan Group” компанияси “Max Copper” лойиҳасида иштирок этишни кўриб чиқмоқда, “OQ” гуруҳи эса энергия сақлаш тизимларини (BESS) яратиш лойиҳасини ўрганмоқда. Ушбу ташаббуслар турли босқичларда амалга оширилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Логистика соҳасидаги битимга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Июнь ойида “Asyad Group” ўзбекистонлик ҳамкорлар иштирокида “Universal Logistics Services” ва “Highway Logistics Center” компанияларидаги назорат пакетларини сотиб олди. Бу Соҳар, Дукм ва Салала портларига чиқадиган тўғридан-тўғри юк ташиш хизматларини йўлга қўйиш имконини беради. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудларида логистика марказларини ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Нашрнинг хабар беришича, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,4 баробар ўсган. Компаниялар Ўзбекистоннинг электротехника ва тўқимачилик маҳсулотлари, қуритилган мевалар, шунингдек, Умоннинг озиқ-овқат ва полимер товарларини етказиб беришни муҳокама қилмоқдалар.

Якунда муаллиф янги ишлаб чиқариш қувватлари ва мунтазам юк ташиш хизматларининг ишга туширилиши билан мазкур ҳамкорлик Ўзбекистоннинг экспорт географиясини кенгайтириб, Умоннинг Марказий Осиё билан иқтисодий алоқаларини янада мустаҳкамлашини таъкидлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш