Logo

Ўзбекистон ҳудудлари ва Рас ал Хайма амирлиги ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилмоқда

Январ 04, 2025. 10:20 • 57 сония

145
Ўзбекистон ҳудудлари ва Рас ал Хайма амирлиги ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилмоқда

АБУ-ДАБИ, 4 январь /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Абдулазиз Аққулов Рас ал Хайма амирлигига ташриф буюриб, у ерда қатор учрашув ва музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, амирликнинг туризмни ривожлантириш бошқармаси раҳбари Рана Эл Димасси билан учрашув бўлиб ўтди.


Мулоқот давомида томонлар икки давлат туризм салоҳиятини ўзаро тарғиб қилиш, йирик меҳмонхона, ресторан ва бошқа дам олиш брендлари тажрибасини ўрганиш ҳамда Ўзбекистон ҳудудлари ва Рас ал Хайма амирлиги ўртасида авиақатновлар сонини ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.


Бундан ташқари, Ўзбекистон элчиси Рас ал Хаймага ташрифи давомида "RAK Ceramics" компанияси раҳбарияти билан учрашиб, компаниянинг истиқболдаги режалари юзасидан фикр алмашди ҳамда шоу румдаги маҳсулотлар турлари билан танишди.


1989 йилда Рас ал Ҳайманинг ҳозирги ҳукмдори шайх Сауд бин Сақр ал Қосимий томонидан асос солинган "RAK Ceramics" компанияси йиллик айланмаси 1 миллиард АҚШ долларни ташкил этиб, йилига жами 118 миллион квадрат метр плиткали маҳсулотлар ва 5 миллион дона санитария-техник воситалар ишлаб чиқаради ҳамда 150 дан ортиқ давлатга экспорт қилади.


Музокаралар якунида Ўзбекистоннинг манфаатдор компания ва ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш