Ўзбекистон ва Жанубий Корея темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Февраль 06, 2024. 11:54 • 2 дақ
• 427
СЕУЛ, 6 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Виталий Фен Жанубий Кореянинг «Hyundai ROTEM» компанияси президенти Ли Ёнгбэни қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда транспорт соҳасидаги ҳамкорлик масалалари, хусусан, «Hyundai ROTEM» компанияси томонидан Ўзбекистонга 6 та юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни етказиб бериш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ушбу поездларни етказиб бериш бўйича вазифалар давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 10 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорт соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган. Улар нафақат республикамизнинг темир йўл транспортини ривожлантиришга, балки Тошкентни Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа тарихий шаҳарлар билан боғлаш ва мамлакатимиз аҳолиси ҳамда сайёҳлар учун қулайликлар яратишга хизмат қилади.
«Hyundai ROTEM» компанияси раҳбарияти ижтимоий соҳадаги ҳамкорлик доирасида Қорақалпоғистондаги таълим масканлари учун компьютер ва «ақлли» доскаларни беғараз ёрдам сифатида беришга тайёрлигини билдирди. Ушбу кўмак Ўзбекистонда бошланғич ва ўрта-махсус таълимдаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Ушбу ускуна ва жиҳозлар Қорақалпоғистон Республикасига жорий йил май ойида етказиб берилиши режалаштирилган.
Мулоқот давомида, шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестициявий имкониятлари билан кенг танишиш ва янги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида «Hyundai ROTEM» компанияси делегацияси жорий йилнинг 2-3 май кунларига режалаштирилган Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун юртимизга келиши ҳам маълум қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга йўналтирилган аниқ тадбирлар бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
