Logo

Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида Ўзбекистон томони билан биргаликда тиббиёт марказлари ташкил этилиши мумкин

Январ 22, 2025. 09:56 • 54 сония

102
Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида Ўзбекистон томони билан биргаликда тиббиёт марказлари ташкил этилиши мумкин

ОҚТОВ, 22 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консули Жамолиддинхўжа Абдукаримов Манғистау вилояти "Атамекен" тадбиркорлар миллий палатаси директори Рашит Мустапаев билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Қозоғистон вакилига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган қулай муҳит ҳамда хорижий инвесторларга тақдим этилаётган имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Томонлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Манғистау вилояти ўртасида туризм соҳасида жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган қўшма лойиҳалар хусусида фикр алмашди.

Рашит Мустапаев "Атамекен" тадбиркорлар миллий палатаси вилоятдаги турли соҳаларда фаолият олиб борувчи хусусий тадбиркорлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ва мамлакатда хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш учун яратилган имкониятларни юқори баҳолади.

Манғистау вилояти аҳолиси орасида Ўзбекистон тиббий туризмига қизиқиш юқорилиги қайд этилди. Ушбу жиҳат эътиборга олиниб, ўзбек тадбиркорлари ва мутахассисларини жалб қилган ҳолда мазкур ҳудудда тиббиёт клиникалари ва марказларини очиш имкониятини кўриб чиқиш таклифи билдирилди.

Учрашув якунида икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш бўйича мулоқотни давом эттириш тўғрисида келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш