Россиянинг Ленинград вилоятида ўзбекистонлик жангчилар хотирасига бағишланган стела очилди

Ноябрь 09, 2026. 10:30 • 2 дақ

• 11
Россиянинг Ленинград вилоятида ўзбекистонлик жангчилар хотирасига бағишланган стела очилди

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 9 ноябрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг Ленинград вилоятидаги “Синявино баландликлари” ёдгорлик мажмуасида 1941–1944 йилларда Ленинград мудофаасида қатнашган ўзбекистонлик жангчиларга бағишланган ёдгорлик стеласининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Санкт-Петербург ҳукумати ва Ленинград вилояти маъмурияти вакиллари, жамоат арбоблари ҳамда ватандошлар иштирок этди.

Маросим давомида стела муаллифи, асли ўзбекистонлик бўлган Ленинград вилояти Қонунчилик мажлиси депутати Родион Кимга, Санкт-Петербургдаги Ўзбек маданиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш маркази минтақавий жамоат ташкилоти ҳамда Ленинград вилояти Ташқи алоқалар қўмитасига мазкур лойиҳани амалга оширишда кўрсатган ёрдами учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида ўрнатилган мазкур ёдгорлик Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ленинград вилояти ҳудудида қаҳрамонларча жанг қилган ўзбекистонлик жангчилар хотирасини абадийлаштиради.

Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденконинг таъкидлашича, ушбу ёдгорлик стеласи икки халқнинг умумий тарихи ва буюк Ғалаба билан мустаҳкамланган дўстлик рамзидир.

Ёдгорликнинг очилиши Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги умумий тарихий хотирани асраб-авайлаш ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги тизимли ишлар йўлида муҳим қадам бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш