Словениядан муносабат: Ўзбекистон ТДТнинг энг муҳим етакчиларидан бирига айланмоқда
Ноябрь 09, 2026. 12:30 • 3 дақ
• 48
ЛЮБЛЯНА, 9 ноябрь. /“Дунё” АА/. Словения Янги университетининг халқаро муносабатлар кафедраси доценти Денис Манчевич “Дунё” ААга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг 13-саммитидаги иштироки юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Сўнгги йилларда жаҳон миқёсида туб ўзгаришлар юз бермоқда. Иккинчи жаҳон урушидан кейин шаклланган анъанавий кўп томонлама тузилмалар тобора фалажланиб, ўз вазифаларини бажара олмай, мураккаб масалаларга муносиб жавоб бера олмаяпти.
Шу билан бирга, фақат икки томонлама ёндашувни маъқул кўрадиган сиёсий кучларнинг нуфузи ортмоқда. Бундай динамика холис баҳоланганда, дунёнинг йирик қудратли давлатлари манфаатларига хизмат қилади.
Мазкур шароитда ТДТнинг аҳамияти фақат умумий тарихий илдизлар ва муштарак маданиятга асосланган ўзаро интеграция доирасидан иборат бўлиб қолмайди. Ташкилотнинг асл стратегик қиммати шундаки, у XXI асрда халқаро муносабатларнинг таянч модели сифатида хизмат қилиши лозим.
Ўзаро яқин ҳамкорлик қилаётган минтақавий ташкилотлар бир хил қарашларга эга давлатларга замонавий асимметрик чақириқлар, хусусан, савдонинг сиёсий босим воситасига айлантирилиши, миграция юкламалари ва тобора ортиб бораётган хавфсизлик таҳдидларига биргаликда қарши туриш имконини беради.
Бугунги кунда ушбу омиллар нафақат тинчлик ва барқарорликка рахна солмоқда, балки давлатларнинг халқаро субъект сифатидаги мавқеи, суверенитети, ривожланиш салоҳияти ва ҳатто мавжудлигига ҳам бевосита хавф туғдирмоқда.
Анқарадаги саммит якунлари алоҳида аҳамият касб этади: Ўзбекистон эндиликда ТДТ фаолиятида шунчаки қатнашибгина қолмай, балки ташкилотнинг нуфузли етакчиларидан бири сифатида майдонга чиқмоқда. Буни қатор муҳим қарорлар ҳам тасдиқлайди.
Ўзбекистон вакили Мирвоҳид Азимовнинг ТДТнинг янги бош котиби этиб расман тайинланиши ҳамда ташкилотнинг 14-саммитини 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисидаги қарор Тошкентга келгуси кун тартибини шакллантириш жараёнида бевосита маъмурий ва сиёсий жиҳатдан етакчилик қилиш имкониятини таъминлайди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 100 та қўшма саноат лойиҳасини амалга оширишга доир ташаббусини ҳамкорликнинг амалий ва истиқболга йўналтирилган “йўл харитаси” сифатида кўриш мумкин. Ўзбекистон стратегик муҳим минерал ресурслар, “яшил” энергетикага ўтиш ҳамда “Туркий саноат зоналари”ни барпо этишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда минтақанинг асосий саноат марказларидан бири сифатидаги мавқеини жадал мустаҳкамламоқда.
Ўзбекистоннинг Транскаспий халқаро транспорт йўналиши – Ўрта йўлакни ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича тутган фаол позицияси ҳам принципиал аҳамиятга эга. Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакат учун анъанавий транспорт йўналишини четлаб ўтиб, Европа бозорлари билан ишончли ва мустақил транспорт алоқаларини таъминлаш иқтисодий хавфсизлик ҳамда кўп векторли ташқи сиёсатнинг муҳим бўғини ҳисобланади.
Эришилган келишувлар келгусидаги ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратаётган бўлса-да, иқтисодий кенгайиш салоҳияти ҳозирча тўлиқ рўёбга чиқарилмаган. Интеграция жараёнларининг ижобий суръатига қарамасдан, Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо бошқа давлатлар билан савдо айланмаси ҳажми ҳамон камтарона даражада.
“100 та саноат лойиҳаси” дастурини амалда рўёбга чиқариш ҳамда янги соддалаштирилган божхона коридорларини жорий этиш эришилган сиёсий ҳамжиҳатлик ва эзгу ниятларни аниқ натижаларга айлантириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада ошириш ҳамда ташкилот доирасида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси