Мисрда икки поезд тўқнашиши оқибатида тўртта вагон ағдарилиб кетди

Ноябрь 09, 2026. 13:00 • 2 дақ

• 5
Мисрда икки поезд тўқнашиши оқибатида тўртта вагон ағдарилиб кетди

ГИЗА, 9 ноябрь. /“Дунё” АА/. Кеча Мисрнинг Гиза вилояти Ал-Айят туманида темир йўл ҳалокати оқибатида икки поезд тўқнашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “BBC” нашрига таяниб.

Расмийларнинг маълум қилишича, Гизадан Ал-Файюмга йўл олган поезд Қоҳира–Асвон йўналишида ҳаракатланаётган поезднинг орқа қисмига бориб урилган. Ушбу темир йўл ҳалокати натижасида камида етти киши ҳалок бўлган, 112 нафар одам жароҳатланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, ҳалок бўлганлар орасида поезд машинисти ҳам бор. Воқеа жойига 72 та тез ёрдам машинаси етиб келган. Ҳалокат содир бўлган ҳудуддаги шифохоналар юқори шайлик ҳолатига келтирилган. Гизанинг жанубий қисмида темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилган.

Шунингдек ўқинг

Фожиа сабаблари ҳозирча аниқланмаган. Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳодиса тафсилотларини зудлик билан текшириш бўйича топшириқ берди. Бош вазир Мустафо Мадбулий қурбонларнинг оила аъзоларига таъзия билдириб, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

Нашрнинг қайд этишича, мазкур ҳалокат Миср тарихидаги йирик темир йўл фожиаси юз берган жой яқинида содир бўлган. 2002 йил февраль ойида Қоҳира–Луксор поездида ёнғин чиқиши оқибатида 370 дан зиёд киши ҳалок бўлган эди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш