Logo

2025 йилда Ўзбекистон Покистонга 21,5 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилган

Апрель 02, 2026. 08:10 • 3 дақ

49
2025 йилда Ўзбекистон Покистонга 21,5 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилган

ИСЛОМОБОД, 2 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги раиси ўринбосари Рухилло Зикриллаев ҳамда Покистоннинг “Magna Processing” компанияси раҳбари Саид Улла билан онлайн  мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон тўқимачилик соҳасига хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, мамлакатдаги паст рентабелли тўқимачилик корхоналарини хорижий сармоядорларга ишончли бошқарувга бериш имкониятлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Элчи Алишер Тўхтаев Покистон томонини Ўзбекистон тўқимачилик саноатида, жумладан, пахта-тўқимачилик кластерлари тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳадаги тизимли ўзгаришлар ҳамда давлат томонидан тақдим этилаётган имтиёз ва рағбатлантириш чоралари билан яқиндан таништирди.

Учрашув давомида хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, пахта толасини чуқур қайта ишлаш бўйича мавжуд саноат салоҳияти, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятлари ҳамда Ўзбекистоннинг ички ва ташқи бозорлари эҳтиёжлари ҳақида маълумот тақдим этилди.

Таъкидланганидек, тўқимачилик ва енгил саноат соҳаларида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун катта ва ҳали тўлиқ ишга солинмаган салоҳият мавжуд. Хусусан, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистондан Покистонга экспорт қилинган тўқимачилик маҳсулотлари ҳажми 21,5 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Музокараларда халқаро брендлар учун рақобатбардош тайёр тўқимачилик маҳсулотларини қўшма асосда ишлаб чиқариш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон томони мавжуд тўқимачилик корхоналарини покистонлик ҳамкорларга ишончли бошқарувга беришга тайёр эканини билдирди ҳамда ушбу корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари, молиявий ҳолати ва модернизация эҳтиёжлари бўйича батафсил маълумотлар тақдим этди.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари экспорти бўйича жаҳонда юқори ўринларни эгаллаётгани, экспорт номенклатураси ип-калавадан тортиб тайёр кийим-кечаккача бўлган тўлиқ қиймат занжирини қамраб олиши алоҳида таъкидланди.

Саид Улла Ўзбекистон тўқимачилик корхоналарини ишончли бошқарувга олиш масаласига катта қизиқиш билдириб, бу борада амалий қадамлар ташлашга тайёр эканини маълум қилди. Унинг айтишича, покистонлик мутахассислар Ўзбекистон тўқимачилик саноати, бозор инфратузилмаси ва иқтисодий муҳитини чуқур ўрганиб чиққан ҳамда ҳамкорлик истиқболларини ижобий баҳолаган.

– Биз Ўзбекистон ҳудудида ип-калава, газлама ва бошқа турдаги тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариб, уларни Покистонга экспорт қилиш, қўшма брендлар остида тайёр кийим-кечакларни Европа бозорларига олиб чиқиш имкониятига эгамиз, – деди Саид Улла. – Бугунги кунда Покистон Европадаги қатор нуфузли брендлар учун тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариб бермоқда. Шу тажрибани Ўзбекистонда ҳам жорий этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрмиз.

Учрашув якунида Покистон томонини қизиқтирган қатор масалалар, жумладан, Ўзбекистондаги тўқимачилик корхоналарининг ишлаб чиқариш салоҳияти, тайёр маҳсулотларнинг логистика йўналишлари, экспорт бозорлари ҳамда транспорт инфратузилмасига оид саволларга атрофлича жавоб берилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш