Logo

ЕХҲТда Самарқанд глобал форуми натижалари муҳокама қилинди

Май 09, 2026. 16:00 • 2 дақ

63
ЕХҲТда Самарқанд глобал форуми натижалари муҳокама қилинди

ВЕНА, 9 май /“Дунё” АА/. Шу йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан ташкил этилган “Трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш: саломатлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш” мавзусидаги глобал форум якунлари ЕХҲТ Доимий кенгаши йиғилишида муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Форум якунлари бўйича қабул қилинган Самарқанд декларацияси ҳамда Халқаро ёшлар саммитининг “Youth Call for Action” мурожаати ЕХҲТнинг расмий ҳужжатлари сифатида иштирокчи давлатлар, ташкилот институтлари ва ҳамкор мамлакатларга тарқатилди.

Йиғилиш давомида ҳозирги мураккаб халқаро вазиятда жаҳон ҳамжамиятининг янада қатъий ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларга бўлган эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.

Иштирокчилар уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва тарқатишнинг янги шакллари инсоният учун трансмиллий таҳдидлар кўлами кун сайин кенгайиб бораётганидан хавотир билдирди.

Ёшлар ўртасида янги синтетик наркотиклар, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар тарқалишига алоҳида эътибор қаратилди.

ЕХҲТдаги муҳокамалар доирасида Ўзбекистон Президентининг Самарқанд глобал форумида илгари сурган ташаббуслари ҳам тақдим этилди. Хусусан, қуйидагилар таклиф қилинди:

– барча иштирокчи давлатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотлар базасини бирлаштирадиган ва сунъий интеллект асосида ишлайдиган ягона рақамли платформани ишга тушириш;

Шунингдек ўқинг

– крипто-биржалар учун мажбурий идентификация стандартларини глобал даражада бирхиллаштириш, офшор юрисдикциялар билан маълумот алмашиш бўйича мажбурий келишувларни жорий этиш ҳамда “номаълум манба” маблағларини автоматик тарзда блоклаш механизмларини ишлаб чиқиш;

– синтетик наркотикларга қарам бўлиб қолган беморларни самарали даволаш бўйича замонавий методика ва стандартларни биргаликда ишлаб чиқиш;

– гиёҳвандликка чалинган шахсларни тиббий реабилитация қилиш соҳасида тажриба алмашиш мақсадида Марказий Осиё наркологлар ассоциациясини ташкил этиш;

– наркотрафик хавфи юқори бўлган ҳудудлар учун “махсус ривожланиш дастури”ни ишлаб чиқиш.

Самарқанд форуми натижалари ЕХҲТ иштирокчи давлатлари томонидан юқори баҳоланди. Хусусан, гиёҳвандликка қарши кураш бутун инсониятнинг умумий масъулияти сифатида қайд этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш