Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Гоа штати бош вазири билан ҳудудлараро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Декабрь 06, 2025. 10:38 • 2 дақ
• 160
ПАНАЖИ, 6 декабрь. / “Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлар доирасида мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчиси Сардор Рустамбоев Гоа штати бош вазири Прамод Савант билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида дипломатик миссия раҳбари Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, жадал ривожланаётган халқаро алоқалар ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай ва жозибадор шарт-шароитлар ҳақида батафсил сўзлаб берди. Мамлакатимиз барқарор иқтисодий ва ижтимоий ўсишга эришаётгани, шунингдек, аҳоли фаровонлиги мунтазам ортаётгани алоҳида қайд этилди.
Томонлар икки давлат ўртасида мустаҳкамланиб бораётган кенг қамровли муносабатларни ва уларни янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Музокараларнинг диққат марказида икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш, инвестицияларни рағбатлантириш, Ўзбекистон ҳудудлари ва Гоа штати ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш масалалари турди.
Прамод Савант Гоа штатининг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларини туризм, фармацевтика, муқобил энергетика, «яшил» иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялар ва бошқа соҳалар ташкил этиши мумкинлигини урғулади.
Бош вазир Гоада жойлашган қатор фармацевтика компаниялари Ўзбекистон билан шериклик қилишга катта қизиқиш билдираётганини алоҳида таъкидлади.
Томонлар “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси томонидан жорий йил 3 декабрь кунидан бошлаб Тошкент – Гоа – Тошкент йўналишида йўлга қўйилган тўғридан-тўғри авиақатновлар тақдим этаётган янги имкониятларга эътибор қаратди. Мазкур қадам ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил сифатида эътироф этилди.
Гоа штати раҳбарияти Ўзбекистон билан кенг қамровли иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга ва фаоллаштиришга тайёрлигини билдирди.
Ушбу учрашув Ўзбекистон–Ҳиндистон стратегик шериклигини амалий ва прагматик лойиҳалар билан бойитишга бўлган ўзаро манфаатдорликни тасдиқлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси