Жорий йилда Ўзбекистон-Латвия Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши ва бизнес-форум ўтказилади
Август 06, 2025. 20:35 • 2 дақ
• 99
РИГА, 8 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов бошчилигидаги мамлакатимиз ишбилармон доиралари вакиллари делегациясининг Латвияга сафари давомида навбатдаги бизнес-форум ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда икки давлат мутасаддилари, латвиялик ва ўзбекистонлик ишбилармонлар иштирок этди. Иштирокчиларга Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда юртимизнинг сармоявий ва иқтисодий салоҳияти, тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов кейинги йилларда Ўзбекистон ва Латвия ўртасида мустаҳкам савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатилганини таъкидлади. Жумладан, логистика, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, таълим, тўқимачилик саноати ва туризм соҳаларида қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.
Форумнинг амалий қисмида Ўзбекистон ва Латвия тадбиркорлари ўртасида "B2B" шаклида учрашув ташкил этилди. Иштирокчилар ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилдилар, экспорт-импорт шартномаларини кўриб чиқдилар.
Сафар давомида Ўзбекистон тадбиркорлар учун миллий маҳсулотларни экспорт қилиш шартларини ўрганиш мақсадида Рига шаҳрида жойлашган импорт қилувчи компаниялар омборларига саёҳат уюштирилди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Латвия Иш берувчилар конфедерацияси бош директори Каспарс Горкс билан учрашиб, савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш, мамлакатимизда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар якунлари бўйича Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши ва бизнес-форумни жорий йилнинг куз фаслида Ўзбекистонда ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади