Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади
Декабрь 14, 2025. 12:13 • 54 сония
• 198
ПРАГА, 17 декабрь. /“Дунё” AA/. Мамлакатимиз элчихонаси дипломатлари Чехия Кичик ва ўрта бизнес ассоциацияси (Association of Small and Medium-Sized Enterprises and Crafts of the Czech Republic) раҳбари Ёзеф Ярош ҳамда Халқаро алоқалар бўйича раис ўринбосари Витезслав Хрушка билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, кооперация ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Дипломатларимиз Чехия томонига Ўзбекистон иқтисодиётининг саноат, қишлоқ хўжалиги, АКТ, тиббиёт ва туризм соҳаларида мавжуд улкан салоҳияти, эркин иқтисодий ҳудудларда инвесторлар учун яратилган қулай муҳит ҳақида маълумот берди. Қайд этилишича, мамлакатимизда чех капитали иштирокида қарийб 50 та корхона фаолият юритмоқда.
Ўз навбатида Ассоциация раҳбарияти Ўзбекистон Ҳунармандлар уюшмаси ва бошқа тегишли тузилмалар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлигини билдирди.
Мулоқот якунида ўзаро англашув меморандумини ишлаб чиқиш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга доир музокаралар ўтказишга келишиб олинди.
Чехиянинг Кичик ва ўрта бизнес ассоциацияси 1990 йилда ташкил этилган бўлиб, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, АКТ ва саноат йўналишларида фаолият юритувчи 300 мингдан ортиқ кичик корхона ва ҳунармандларни бирлаштиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди