Қатар ишбилармон доиралари Ўзбекистонда тўғридан-тўғри инвестициялар ва бизнес географиясини кенгайтириш учун жозибадор йўналиш сифатида қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор
Сентябрь 29, 2023. 15:25 • 2 дақ
• 127
ТОШКЕНТ, 29 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Қатарга ташрифи доирасида Доҳа шаҳрида Қатар инвестициялар ва саноат вазири Муҳаммад ал-Тани ҳамда Hassad Food, Nebras Powyer, FITCO Detergent, Alazizya Chemicals Factory, Qatar National Cyement, Powyer International Holding холдинг компаниялари, Қатарнинг Education Above All Foundation жамғармаси ва бошқа йирик компания раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) маълумотига кўра, инвестициялар ва саноат вазири Муҳаммад ат-Тани билан бўлиб ўтган самарали суҳбат давомида қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати ва сармоявий, савдо-иқтисодий соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича аниқ ташаббуслар кўриб чиқилди. Томонлар икки мамлакат ишбилармон доираларини алоқаларни мустаҳкамлаш, сармоявий ва саноат кооперациясини ошириш учун барча зарур чораларни кўришга ўзаро тайёр эканликларини тасдиқладилар.

Қатарнинг йирик компания раҳбарлари билан ўтказилган музокараларда Қатар компанияларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларида йирик инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Мамлакатимизнинг сармоявий ва саноат салоҳияти намойиш этилди ва кейинги йилларда сармоявий фаолият учун яратилган қулай шароитлар қайд этилди.
Қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор келишувларга эришилди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, "яшил" энергетика, инфратузилмавий ривожланиш, маиший кимё, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда молиявий-техник ҳамкорликни ривожлантиришга келишилди.
Учрашувлар якуни Қатар ишбилармон доирасининг Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиши юқори эканлигини, Ўзбекистон тўғридан-тўғри инвестиция киритиш ва бизнес географиясини кенгайтириш учун жозибадор йўналишлардан бири эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси