Эроннинг Ҳамадон шаҳрида Бухоро вилояти ва маҳаллий ишбилармон доира вакиллари ўртасида музокаралар ташкил этилди
Февраль 22, 2024. 15:38 • 47 сония
• 93
ТЕҲРОН, 22 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси кўмагида ушбу мамлакатнинг Ҳамадон шаҳрида Бухоро вилояти ва маҳаллий ишбилармон доира вакиллари иштирокида Ўзбекистоннинг инвестициявий ҳамда сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ва B2B шаклидаги учрашувлар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон элчиси Фариддин Насриев тақдимотнинг очилиш қисмидаги нутқида иштирокчиларни сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари билан таништирди. Дипломат мамлакатимизнинг сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти, хусусан, хорижий сармоядорлар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва имтиёзлар тўғрисида ҳам батафсил сўзлаб берди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги савдо айланмаси мавжуд салоҳиятга жавоб бермаслиги ва ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга барча имкониятлар борлиги таъкидланди.
Ҳамадон Савдо-саноат, конлар ва қишлоқ хўжалиги палатаси раиси Раҳим Мортазаи ўз навбатида икки томонлама савдо ҳажмини ошириш борасида юқори натижаларга эриш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Тадбир доирасида бўлиб ўтган Бухоро ва Ҳамадон вилоятлари ишбилармон доира вакиллари ўртасидаги музокаралар якунида бир қатор муҳим келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
