Беларусь хусусий бандлик агентликлари ўзбек миграция бозорига қизиқмоқда
Ноябрь 10, 2026. 18:26 • 2 дақ
• 7
МИНСК, 10 ноябрь. /“Дунё” АА/. Беларусь пойтахтида мамлакатимиз меҳнат мигрантларини хорижда манзилли ва хавфсиз иш билан таъминлаш ҳамда Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларига хорижий тажрибага эга мутахассисларни жалб қилиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида беларуслик соҳа мутахассисларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли савдо-иқтисодий ислоҳотлар, миллий меҳнат бозорининг бугунги ҳолати, мавжуд салоҳияти ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилаётган кенг имкониятлар тўғрисида батафсил тақдимот ўтказилди.
Шу билан бирга, иштирокчиларга жорий йил 30 ноябрь – 5 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Янги Ўзбекистон – глобал имкониятлар чорраҳаси” халқаро бизнес-форуми доирасида яратилаётган йирик платформа ҳақида маълумот етказилди.
Мулоқот чоғида икки томонлама меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистон Миграция агентлиги ва хусусий бандлик компаниялари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, элчихона ҳузурида ташкил этилаётган “миграция масалалари бўйича кенгаш” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Музокаралар якунида томонлар Ўзбекистон фуқароларини Беларусь меҳнат бозорида қонуний ва манзилли иш билан таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқлари, хусусан, юқори технологиялар, IT, тиббиёт ва фармацевтика йўналишлари учун юқори малакали кадрлар алмашинувини фаоллаштиришда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси