Logo

Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти Малайзиянинг Пенанг штатида тақдимот қилинди

Октябрь 07, 2025. 16:02 • 2 дақ

74
Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти Малайзиянинг Пенанг штатида тақдимот қилинди

 КУАЛА-ЛУМПУР, 8 октябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Малайзиянинг Пенанг штатида Ўзбекистон – Малайзия ҳамкорлик форуми  ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Малайзия ҳудудлари билан савдо-иқтисодий ва туризм соҳаларида алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган иқтисодий тадбирда Пенанг штати маъмурияти раҳбарияти, компаниялар, туроператорлар, ишбилармон доира ва ОАВ вакилларидан иборат 130 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.

 Форум давомида Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳияти, бизнес юритиш муҳитини тубдан яхшилашга қаратилган тизимли ислоҳотлар натижалари, хорижий инвесторлар учун яратилган кафолатлар, имтиёзлар ҳамда қулай шароитлар ҳақида тақдимот ўтказилди.

Иштирокчиларга Ўзбекистонда Малайзияга мева-сабзавот, қайта ишланган озиқ-овқат, тўқимачилик, кимё ва рангли металл маҳсулотларни экспорт қилиш борасида улкан салоҳиятлар мавжудлиги таъкидланди.

Пенанг компаниялари ва ишбилармон доира вакилларига Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқатни қайта ишлаш, тўқимачилик, кимё ва электротехника саноати, кўчмас мулкни ривожлантириш ва меҳмонхона хўжалиги, қайта тикланадиган энергия, ахборот технологиялари ва бизнес-аутсорсинг, фармацевтика ва тиббий хизмат кўрсатиш соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун имкониятлар мавжудлиги маълум қилинди.

Форум якунида Пенанг ишбилармон доира вакиллари билан ҳамкорликда меҳмонхона хўжалиги, кўчмас мулк, транспорт-логистика, пальма ёғини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳаларида ўзаро манфаатли лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Шунингдек, Пенангга ташриф доирасида Ўзбекистон элчихона делегацияси штатнинг энг йирик яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчиларидан бири "Ibiden Electronics Malaysia Sdn Bhd" компанияси фаолияти билан танишди. Малайзия компанияси раҳбари К.Хаяши билан дастлабки босқичда Ўзбекистон шароитида яримўтказгичларни йиғиш ва синаш (OSAT) имкониятлари муҳокама қилинди.

Ташриф натижасида Пенангнинг  ишбилармон доиралари вакиллари билан 2026 йилда "Ўзбекистонга сармоя киритинг" мавзусида бизнес форум ва B2B шаклидаги учрашувларни ўтказишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш