Logo

Исломободда Покистон бизнес делегациясининг Ўзбекистонга сафари доирасида ўтказиладиган тадбирлар дастури муҳокама қилинди

Октябрь 29, 2025. 17:46 • 2 дақ

48
Исломободда Покистон бизнес делегациясининг Ўзбекистонга сафари доирасида ўтказиладиган тадбирлар дастури муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 29 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Бош вазирининг Туризм масалалари бўйича миллий координатори Сардар Ясир Иляс Хан ва Равалпинди Савдо-саноат палатаси президенти Усман Шавкат билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида жорий йил 10 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган "Халқаро ютуқларни тақдирлаш маросими ва бизнес имкониятлари конференцияси"га тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда иштирок этиш учун 150 нафар покистонлик ишбилармон, жумладан тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида фаолият юритаётган етакчи компаниялар вакиллари мамлакатимизга бориши кутилмоқда.

Форум доирасида Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми, "B2B" ва "G2B" шаклларида учрашувлар ўтказиш, турли тармоқлардаги истиқболли ҳамкорлик йўналишлари бўйича қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилмоқда.

Миллий координатор Сардар Хан мазкур тадбирнинг икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги аҳамиятига тўхталиб, ташриф чоғида Покистон делегацияси вакиллари ва Ўзбекистоннинг манфаатдор турли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ўртасида аниқ мақсадга йўналтирилган музокараларни ташкил этиш зарурлигини қайд этди.

Усман Шавкат тадбир Равалпинди Савдо-саноат палатасига аъзо бизнес доира вакиллари бўлажак конференция ва бизнес-форум доирасида амалий натижаларга эришиш, ўзбекистонлик тадбиркорлар билан янги ҳамкорлик лойиҳалари ва қўшма ташаббуслар бўйича келишувларга эришишни мақсад қилаётганини билдирди.

Покистон бизнес делегациясининг ташрифи дастурида, шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестиция муҳити ва туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотларда иштирок этиш, "Tashkent Pharma Park", "Tashkent Technopark" ва "IT Park Uzbekistan"да яратилган имкониятлар билан жойида танишиш, икки давлат банклари ва молиявий тузилмалари вакиллари, туристик компаниялари ва операторлари ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш, ҳамкор ташкилотлар ўртасида англашув меморандумлари ва ҳамкорлик шартномаларини келишиш ва имзолаш ҳам кўзда тутилган

Тадбир икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий, савдо ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, шунингдек, ўзаро бизнес алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш