Малайзия компанияси Ўзбекистонда қуруқлик портини қуриш имкониятларини ўрганмоқда
Август 28, 2025. 17:23 • 2 дақ
• 160
КУАЛА-ЛУМПУР, 28 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "Mutiara Perlis Sdn Bhd" компанияси директорлар кенгашининг ижрочи раиси Шабаруддин Ибрахим билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистонни Жануби-Шарқий Осиё минтақаси билан боғлайдиган транспорт йўлакларини такомиллаштириш ва янги транспорт йўналишларини очиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Жумладан, мамлакатимизни Хитой давлати билан боғлайдиган "Қашқар - Торуғарт - Макмал - Жалолобод - Андижон" йўналишида янги темир йўли қурилиши ва Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлайдиган муҳим транспорт йўлаги Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги Трансафғон халқаро темир йўли лойиҳасининг минтақа ташқи савдо айланмасига ижобий таъсири юзасидан фикр алмашилди.
Компаниянинг улкан тажрибаси ҳамда мамлакатимизнинг Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб минтақалари ўртасидаги улкан транзит салоҳиятини инобатга олиб, хориж томони билан Андижон вилоятида Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси яқинида, Термез шаҳрида ҳамда Олот туманида қуруқлик портларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шабаруддин Ибрахим Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг аҳамиятидан келиб чиқиб, яқин келажакда Андижон вилоятида қуруқлик портини қуриш таклифига жиддий қизиқиш билдирди. Тадбиркор мазкур лойиҳа таклифини ўзбек томони билан ўзаро ҳамкорликда амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.
"Mutiara Perlis Sdn Bhd" 2018 йилда Перлис штатида инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга ихтисослашган компания сифатида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган. Ҳозирда компания Малайзияда Перлис қуруқлик порти, Перлис денгиз йўли ва Перлис энергетика маркази каби йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди