Малайзиянинг йирик савдо тармоқларидан бирида Ўзбекистон маҳсулотлари намойиш этилади

Октябрь 17, 2024. 08:52 • 2 дақ

257
Малайзиянинг йирик савдо тармоқларидан бирида Ўзбекистон маҳсулотлари намойиш этилади

КУАЛА-ЛУМПУР, 17 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон дипломатлари раҳбарияти Малайзиянинг "SRI Ternak Group" компаниялар гуруҳи бош директори Раймонд Хо билан учрашув ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистондан Малайзия бозорига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериши мумкин бўлган компаниялар билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш истиқболлари муҳокама қилинди.


Раймонд Хо жорий йил сентябрь ойида Малайзия ишбилармонлари делегацияси таркибида Ўзбекистонга амалга оширилган ташриф унинг учун улкан имкониятлар эшигини очгани, мамлакатимиз тадбиркорлари билан ўзаро фойдали ҳамкорлик қилиш борасида катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Шунингдек, у компания супермаркетлари расталарида Ўзбекистоннинг сархил ва қуритилган мева-сабзавотлари, қандолат маҳсулотлари ва турли қайта ишланган озиқ-овқатлар ҳам сотилиши мумкинлиги борасидаги режалари билан ўртоқлашди.


Учрашув якунида Ўзбекистон ва Малайзиянинг улгуржи ва чакана савдо компаниялари вакиллари ўртасида онлайн мулоқот уюштириш, Куала-Лумпур шаҳри ёки Селангор штатида "SRI Ternak Group" компанияси супермаркетларидан бирининг ҳудудида республикамизда ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этиш ҳамда мазкур тадбир доирасида иккала мамлакатнинг мазкур соҳаларда етакчи экспортёр ва импортёр компаниялари вакиллари ўртасида B2B учрашувларини ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.


"SRI Ternak" компанияси 1979 йилда ташкил этилган ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси билан фаолиятини бошлаган. 2003 йилда биринчи чакана савдо тармоғига, 2018 йилда "ST Rosyam Mart" номи остида 24-соат фаолият юритадиган Малайзиядаги дастлабки улгуржи ва чакана савдо супермаркетига асос солган.


Ҳозирги кунда компания мамлакат бўйлаб "Sri Ternak Mart", "ST Rosyam Mart", "ST Whоlesale Express" брендлари остида 9 та йирик супермаркетларга эгалик қилади ва  уларда 2800 дан ортиқ ишчи-ходимлар фаолият юритади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш