Халқаро компания Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари учун янги ташқи бозорлар топишга кўмаклашади
Сентябрь 29, 2026. 10:00 • 3 дақ
• 83
ИСЛОМОБОД, 29 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Рухулло Зикриллаев ва “H&M Group” компаниясининг Покистон, Бангладеш ва Африка минтақаси бўйича директори Зиаур Раҳман ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини халқаро брендларнинг глобал таъминот занжирларига кенг жалб этиш, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар экспортини ошириш ва янги ташқи бозорларга чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Веб-учрашув аввалида элчи Алишер Тўхтаев Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар, хорижий инвесторларни жалб этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва яратилган имкониятлар хусусида батафсил сўзлаб берди. Ўзбекистонда енгил саноат соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, мавжуд ишлаб чиқариш салоҳияти ҳамда пахта хомашёсидан бошлаб ип-калава, мато, бўяш-пардозлаш ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ қиймат занжири шакллангани қайд этилди.
Хусусан, Ўзбекистонда етиштирилаётган пахта хомашёси тўлиқ мамлакат ичида қайта ишланаётгани, енгил саноат маҳсулотлари экспорти ҳажми 4 миллиард АҚШ долларига етгани ҳамда миллий маҳсулотлар 75 та давлат бозорига экспорт қилинаётгани таъкидланди.
“H&M” компанияси минтақавий раҳбари Зиаур Раҳманнинг айтишича, корхона тўқимачилик ва тайёр кийим-кечак маҳсулотларини халқаро бозорлардан харид қилиш ҳамда глобал таъминот занжирларини бошқариш соҳасида қарийб 30 йиллик тажрибага эга.
– Ўзбекистонда пахта хомашёсидан тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирининг мавжудлигидан хабардормиз, – деди у. – Шунингдек, Европа бозорига чиқишдаги савдо преференциялари, ишлаб чиқарувчиларга кўрсатилаётган давлат кўмаги ва мамлакатнинг Европа бозорларига нисбатан қулай географик жойлашуви муҳим рақобат устунликларини тақдим этади.
Шунингдек, музокаралар давомида “H&M” компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйишнинг амалий механизмлари кўриб чиқилди.
Хусусан, “H&M” таклиф этилаётган сорсинг (харид) компанияси имкониятларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон енгил саноати маҳсулотларини халқаро брендлар ва йирик чакана савдо тармоқларига олиб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, унинг кўп йиллик халқаро тажрибасидан фойдаланиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни “H&M” ва бошқа глобал брендларнинг талабларига мослаштириш, экспортбоп маҳсулот турларини шакллантириш, корхоналарнинг маркетинг ва сотув салоҳиятини ошириш, халқаро харидорлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда янги экспорт буюртмаларини жалб этиш йўналишларида эксперт сифатида ҳамкорлик қилиш таклиф этилди.
“H&M” вакили мазкур таклифларга қизиқиш билдириб, Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини Европа ва бошқа бозорлардаги етакчи брендларга олиб чиқиш ҳамда маҳаллий корхоналар учун амалий экспорт буюртмаларини жалб этиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар якунида “H&M” компанияси делегациясининг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этиш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарининг ишлаб чиқариш имкониятлари билан жойига чиққан ҳолда танишиш юзасидан келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси