Йоханнесбургда илк Ўзбекистон – Жанубий Африка бизнес форуми бўлиб ўтди

Сентябрь 28, 2026. 08:10 • 3 дақ

• 256
Йоханнесбургда илк Ўзбекистон – Жанубий Африка бизнес форуми бўлиб ўтди
Йоханнесбургда илк Ўзбекистон – Жанубий Африка бизнес форуми бўлиб ўтди
Йоханнесбургда илк Ўзбекистон – Жанубий Африка бизнес форуми бўлиб ўтди
Йоханнесбургда илк Ўзбекистон – Жанубий Африка бизнес форуми бўлиб ўтди
Йоханнесбургда илк Ўзбекистон – Жанубий Африка бизнес форуми бўлиб ўтди

ЙОХАННЕСБУРГ, 28 сентябрь. /“Дунё” АА/. Йоханнесбург шаҳрида Ўзбекистон ва Жанубий Африка Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган илк Ўзбекистон–Жанубий Африка бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир ЖАР Савдо, саноат ва рақобатбардошлик вазирлиги, Жанубий Африка савдо-саноат палатаси ҳамда “Minara” савдо палатаси кўмагида ташкил этилди.

Унда тоғ-кон саноати, энергетика ва нефть-газ кимёси, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, агросаноат ва озиқ-овқат сектори каби устувор тармоқларда фаолият юритувчи давлат тузилмалари ва компаниялар вакиллари иштирок этди.

Форумда Ўзбекистоннинг Жанубий Африка Республикасидаги элчиси Ашраф Ходжаев, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори Роксана Несор, ЖАР Савдо, саноат ва рақобатбардошлик вазирлиги департаменти раҳбари Юнус Хусейн, Жанубий Африка савдо-саноат палатасининг бош ижрочи директори Алан Мукоки, шунингдек, бошқа расмий шахслар ва ишбилармон доиралар вакиллари сўзга чиқдилар.

Иштирокчиларга Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари, инвестициявий имкониятлар ва экспорт салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, хорижий ҳамкорларга Ўзбекистон ва ЖАР ўртасида ўзаро савдо ҳажмини ошириш, янги бозорларга чиқиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда хусусий сектор вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш имкониятлари тақдим этилди.

Шунингдек ўқинг

Тақдимотлар доирасида Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари соҳасидаги имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, иштирокчилар “IT Park Uzbekistan” фаолияти, унинг резидентлари учун яратилган шароитлар, шунингдек, мамлакатнинг минтақавий IT-марказ сифатидаги салоҳияти билан танишдилар.

Форум доирасида икки мамлакат давлат тузилмалари, ишбилармон доиралар вакиллари ва хусусий компаниялари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар. Томонлар савдо-иқтисодий муносабатларни фаоллаштириш, тадбиркорлар ўртасида мунтазам мулоқотни ўрнатиш, шунингдек, инвестиция ва экспорт лойиҳаларини илгари суриш бўйича фикр алмашдилар.

Форум якунида Ўзбекистон ва ЖАР ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларига амалий мазмун бағишлашга қаратилган бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, жорий йилнинг охирига қадар Жанубий Африка бизнес-миссиясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш режалаштирилди.

Тадбир доирасида “Sasol”, “DepiJet”, “Scaw Metals Group”, “Dentons South Africa”, “Sobek Group”, “Green Energy Worldwide”, “FZB Textiles”, “Fehz Holding” ва “AMC Mining” каби компаниялар вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Музокаралар чоғида айрим тармоқларда ҳамкорлик қилиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ўзаро савдони кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Илк Ўзбекистон – Жанубий Африка бизнес-форуми икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот учун муҳим майдон яратди. Тадбир давомида илгари сурилган ташаббуслар ва белгилаб берилган истиқболли ҳамкорлик йўналишлари Ўзбекистоннинг Африка бозорларидаги иқтисодий иштирокини кенгайтириш, экспорт географиясини диверсификация қилиш ҳамда Жанубий Африка Республикаси билан савдо-инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш