Ўзбекистон ва Покистон компанияси пўлат ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширмоқчи

Сентябрь 25, 2026. 18:30 • 2 дақ

• 109
Ўзбекистон ва Покистон компанияси пўлат ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширмоқчи

ИСЛОМОБОД, 25 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев “Pak Steel” компанияси директори Ҳассан Фарид билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида пўлат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистонда қўшма инвестиция лойиҳаларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳассан Фариднинг айтишича, Покистонда электр энергияси нархининг юқорилиги пўлат маҳсулотлари таннархи ва уларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистондаги нисбатан мақбул энергия ресурслари, саноат зоналарида яратилган инфратузилма ҳамда инвесторларга тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар пўлат ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш учун муҳим омил сифатида баҳоланди.

Шунингдек ўқинг

Суҳбат чоғида “Pak Steel” компанияси иштирокида Ўзбекистонда, хусусан, арматура маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма инвестиция лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.

Музокаралар якунида муҳокама қилинган лойиҳаларни Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан муҳокама қилиш, ҳамкорликнинг кейинги босқичи бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда компания раҳбариятининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этишга келишиб олинди.

1949 йилда ташкил этилган “Pak Steel” Покистоннинг пўлат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритувчи етакчи компанияларидан биридир. Компаниянинг асосий фаолияти арматура, деформацияланган ва оддий пўлат стерженлар, турли конструкцион пўлат маҳсулотлари, хусусан, швеллер ва бошқа металл прокат маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан иборат.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш