Малайзияда очилган агрокўргазмада қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг сўнгги инновациялар ва технологиялар намойиш этилмоқда
Июнь 02, 2025. 02:53 • 2 дақ
• 47
КУАЛА-ЛУМПУР, 2 июнь. /"Дунё" АА/. Кеча Малайзиянинг Селангор штатида "SHOW TECH MARDI-2025" агрокўргазма очилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Малайзия қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот ва ривожланиш институти (MARDI) томонидан ташкил этилган кўргазмада фермерлар, селекционерлар, саноат корхоналари, академик доиралар ва кенг жамоатчилик вакиллари ташриф буюриши кутилмоқда.
Кўргазма MARDIнинг сўнгги беш йилдаги тадқиқотлари натижаларини кўриш, шунингдек юқори сифатли уруғлар, кўчатлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тўғридан-тўғри сотиш/сотиб олиш бўйича институт билан тегишли ҳамкорлик битимлари тузиш учун энг яхши платформа сифатида таърифланади.
Жумладан, иштирокчилар озиқ-овқат, сабзавотлар, асаларичилик, чорвачилик каби турли мавзудаги қишлоқ хўжалиги зоналарида амалий тажрибалар, инновацион агротехнология ютуқларидан баҳраманд бўлишлари мумкин.
Агрокўргазма павильонлари орасида ўсимликлар клиникаси ҳам бўлиб, у ерда ташриф буюрувчилар қишлоқ хўжалиги ва агробизнес бўйича мутахассислар маслаҳатларини олишлари учун шароитлар яратилган.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзия Қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат хавфсизлиги вазири ўринбосари Артур Жозеф Куруп ва MARDI бош директори Муҳаммад Забави Абдул Ғани билан учрашди.
Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари, жумладан Малайзиянинг юқори даражадаги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини уюштириш ва MARDI институтининг соҳадаги ютуқларидан фойдаланган ҳолда ўзбек томони билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси